Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 июнь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжатга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб бир қатор тартиб амалиётга киритилмоқда. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Қарорга асосан жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаши белгиланди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.