Пақилдоқлар портламади, олиб қўйилди

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, мамлакатимизга олиб кириш (олиб чиқиш) ёки ўтказиш тақиқланган. Бироқ инсонларнинг ҳаётини хавф остига солиш эвазига мўмай даромад олиш илинжида иш кўрувчилар ҳам йўқ эмас.

Масалан, самарқандлик 17 ёшли А.Г. пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланишдан қўрқмади. Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида унинг хатти-ҳаракатлари фош бўлди. Фуқародан қиймати 400 минг сўмлик 20 қути пақилдоқ далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Паст Дарғом туманида ўтказилган назорат тадбирларида ҳам пақилдоқ савдосини касб қилиб олган М.Д.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Унга тегишли бўлган 260 минг сўмлик 13 қути пиротехника воситаси харидорларга етиб бормайдиган бўлди.

Ургутлик М.Р ҳам Янги йил арафасида пиротехника воситалари орқали мўмай даромад кўришни истайдиганлар тоифасидан бўлиб чиқди. Йўқса, туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида юзи шувут бўлмас эди. Унга тегишли қиймати 595 минг сўмлик 70 қути пақилдоқ далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Умид Алимов,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.