Паст Дарғом туманида ноқонуний эгалланган 563,8 гектар ерни асл ҳолига қайтариш бўйича судга даъво аризалари киритилган
Хусусан, 380 ҳолатда 76,8 гектар ер майдонида ноқонуний қурилишларни буздириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Бу ҳақда Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил давомида туман ишчи гуруҳи ўтказган хатлов натижасига кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувли ер майдонларидан ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилишлар қилинганлиги юзасидан 737 ҳолат аниқланган.
Шундан 380 ҳолат юзасидан 76,8 гектар ер майдонида ноқонуний қурилишлар қилганлиги ва 357 ҳолат юзасидан 487 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган. Аниқланган барча ҳолатлар бўйича фуқаролик ишлар бўйича туман судига даъво аризалари киритилган.
Даъво аризалардан 485 таси қаноатлантирилган, 252 та ҳолат бўйича суд жараёни давом этмоқда.