Паст Дарғомлик йигит «одно» орқали танишган қизни қўрқитиб, пул талаб қилиб келган
Жорий йилнинг 8 декабрь куни 25 ёшли Ойдиной (исми ўзгартирилган) Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2019 йил август ойларида «Одноклассники» ижтимоий тармоғида 21 ёшли Р.А. исмли шахс билан танишиб, ўзаро учрашиб юрганлиги, Р.А. уни шарманда қилувчи маълумотларни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 1.700 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини билдирган ва ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, 2019 йил 8 декабрь куни соат 18:00 да Паст Дарғом тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Р.А. сўралган пулларнинг бир қисми, яъни 600 АҚШ долларини олаётганида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов жараёнида Р.А.га айблов эълон қилинди ва унга нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.