Пахтачининг илғор ғаллакорлари вилоятда биринчи
Самарқандда одатда, ғалла ўрим-йиғими Пахтачи туманидан бошланади. Бу йил ҳам туман ғаллакорлари мавсумни вилоятда биринчилар қаторида бошлаб, дон хирмони уйишга киришди. Бу йил туманда 207 фермер хўжалиги 6254 гектар майдонда бошоқли дон парваришлади. Ҳозиргача “Қумлоқ ер саховати”, “Асадбек барака файз” фермер хўжаликлари гектаридан 75 центнердан ҳосил олиб, вилоятда биринчилардан бўлиб, давлатга ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарди.
- Тасарруфимизда 104 гектар ер майдони мавжуд, - дейди “Қумлоқ ер саховати” фермер хўжалиги раиси Икром Отамуродов. – Шундан 40 гектарида ғалла эккан эдик. Агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариб, бугунги кунда гектаридан 75 центнердан ҳосил оляпмиз. 140 тонна шартнома режасини 20 тонна ортиғи билан бажардик.
Туманда ғалла ўрим-йиғими учун 23 та отряд ташкил қилинган бўлиб, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга киришилган. Шу пайтга қадар пахтачилик фермерлар томонидан 1300 тоннадан зиёд дон йиғиштириб олинди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.