Пайариқ тумани ҳокимлиги: Исоқулова уй-жойга муҳтож эмас
26 январь куни телеграм каналимизда "@zarafshon_bot 'га мурожаат: “Эски тахта, синиқ шиферни нима қиламан?” сарлавҳали мурожаат эълон қилинган эди. Ундаги муаммо юзасидан Пайариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати жавоб йўллади.
Унда шундай дейилади:
"Гулруҳ Исоқулова «Дўстларобод» маҳалласида 10 сотихли ҳовлида онаси билан яшаб келади. Уй-жойга муҳтож эмас. Маҳаллада кам таъминланган фуқаролар рўйхатида тургани боис, доимий тарзда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Г.Исоқуловага туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан ҳам бир неча бор моддий кўмак берилган. Оилага эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бепул газ баллон, газ плита, тикув машинкаси, доимий тарзда ишсизлик ва фарзанди учун болалар нафақаси бериб борилган.
Туманда 260 мингдан зиёд аҳоли бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга имкониятдан келиб чиқиб, ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Г.Исоқулова онаси билан келишмовчилиги сабабли алоҳида уй қуриб беришини сўраб мурожаат қилмоқда. Унинг шароити инобатга олиниб, тош-шағал, цемент ва бошқа қурилиш материаллари берилган. Уй-жойи бўла туриб, давлатдан яна уй қуриб беришини талаб қилиши ҳеч бир мезонга тўғри келмайди. Бир неча марта иш таклиф қилинган, лекин соғлиги кўтармаслигини билдириб, таклифларни рад этган.
Ушбу фуқарога бундан кейин ҳам имкониятдан келиб чиққан ҳолда навбати билан ёрдам кўрсатилади. Бу бўйича бир неча бор ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш олиб борилиб, тушунтириш берилган".