Пайариқда коронавирус билан касалланган фуқаро аниқлангани ростми?
Байрам таътилида уйда ўтиргандим. Танишим телефон қилиб, коронавирус ваҳимасидан асаблар чарчаганини гапириб қолди. Айтишича, Россияданми ёки бошқа чет давлатдан келган бир одамнинг уйига оқ халатли кишилар (соғлиқни сақлаш ходимлари) келиб, олиб кетишган экан.
Танишимнинг овозида қишлоғидаги шов-шувдан ваҳима ва хавотир сезиларди: “маҳалламиздан коронавирус чиқибди”. Бу шов-шувли хабарга ойдинлик киритиш мақсадида туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази эпидемиолог врачи М.Равшановага телефон қилиб, бўлиб ўтган суҳбатни гапириб бердим.
Унинг хабар беришича, чет элдан келган фуқароларнинг уйларига бориб, карантинда яшашни - ўзи бир хонадан чиқмай, идиш-товоғини алоҳида қилиш буюрилаяпти. Бундан ташқари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бўлинмаси билан ҳамкорликда у билан мулоқотда бўлган кишилар рўйхати шакллантирилиб, улар ҳам огоҳлантириляпти.
Бугунги кунгача туманда чет элдан келиб, назоратга олинган фуқаролар сони 275 нафарга етди. Уларга чекловлар ўрнатилган. 14 кун давомида агар касал бўлса, иситма қилса, дарҳол шифокорларга мурожаат қилишлари сўралмоқда. Хуллас, танишимнинг ваҳимаси бекор экани, бу билимсиз кишиларнинг тушунмовчилиги сабабли келиб чиққан навбатдаги асоссиз хабар эканлиги аниқ бўлди.
Келинг, сиз ҳам ваҳимага тушманг ва вазиятни хотиржам таҳлил қилинг. Биринчи навбатда, ниқоб тақинг ва ўз микробларингизни бировга ўтказмаслик, бировникини юқтириб олмаслик чораларини кўринг. Кўпроқ ишланг, жисмоний тарбия билан шуғулланинг, соғлом овқатланинг. Бу иммунитетингизни яхшилайди.
Бунинг устига руҳий ҳолатингиз хотиржам ва хурсандчилигингиз зиёда бўлса, вирус сизга яқинлашмайди. Одамлардан ҳар хил ваҳималарни эшитиб, шошиб қолмайсиз. Бошқаларни ҳар хил бўлмағур хабарлар билан безовта қилмайсиз. Муҳими, шифокорлар тавсияларига амал қилинг!
Азамат ТОВБОЕВ,
халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгаши депутати.