Пайариқдаги дўкондан 5100 АҚШ долларини ўғирлаб кетган Эрон фуқаролари қўлга олинди
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Пайариқ тумани ИИБга 1981 йилда туғилган Б.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, 12 сентябрь куни соат 17:00 ларда савдо дўконига ташқи кўринишидан чет давлат фуқаросига ухшайдиган бир эркак ва аёл турк тилида гапириб, 100 АҚШ доллари пулларини иккита 50 АҚШ доллари купюраларига алмаштириб беришини сўраган. Б.Ш. дўконидаги сейфидан купюраларни уларга олиб бераётган вақтида, ўша эркак киши сейфидаги 5100 АҚШ долларини ўғирлаб олиб, ёнидаги аёл билан бирга чиқиб кетганлигини ва ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Хавфсиз туризмни таъминлаш ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Эрон Ислом Республикаси фуқаролари - 1958 йилда туғилган Р.А. ҳамда унинг турмуш ўртоғи 1980 йилда туғилган С.Д.лар содир этилганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳри ҳудудида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.