Пайариқдаги спорт иншоотлари: бирида сув йўқ, айримлари таъмирга муҳтож

Туманда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида 5 километр саломатлик, 5 километр велойўлаклар, 5 та стритбол, 7 та “Workout” майдончаси фойдаланишга топширилиб, қурилиш ишларига 4 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланган. Аммо туманда ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар борки, бу мутасаддилар эътиборидан четда қолган кўринади.

Мурожаатдан кейин ҳам сув тортилмади

Туманда 458 та спорт иншооти мавжуд. Шундан иккитаси болалар-ўсмирлар спорт мактаби бўлиб, уларда 79 нафар тренер-ўқитувчи 21 та спорт тури бўйича 2195 нафар ўғил-қизга машғулот ўтмоқда.

– 5 йилдан бери спортчилар ва тренер-ўқитувчиларнинг ювиниш хоналарида ҳамда футбол майдонини суғоришга сув йўқ, – дейди 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Мансур Ўсаров. – Бу муаммони бартараф этиш мақсадида артезиан қурилишига амалий ёрдам сўраб, туман ҳокимлигига, молия бўлими ҳамда вилоят туризм ва спорт бошқармасига мурожаат қилдик. Афсуски, йўллаган мурожаатимизга жавоб бўлмади. Ҳаттоки, вазирликдан келган ишчи гуруҳ ҳам мазкур ҳолатни кўрди, лекин бунга кўз юмилди. Шундан сўнг ўзимиз амаллаб муассаса ҳудудидан сув чиқардик. Аммо бу сув на ичишга, на ювинишга, на майдон ва экилган дарахтларни суғоришга етади.

Спорт зал бор, аммо...

Пайариқ туманида 102 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Шундан 67 тасида спорт зал бўлса, 35 тасида йўқ. Спорт зали бор айрим мактабларда эса аҳвол қувонарли даражада эмас.

– Мактабимизда 1796 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди 6-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жасур Менглиев. – Туман бўйича энг кўп ўқувчи шу муассасада ўқийди. Лекин спорт зали кичиклиги сабабли ўқувчилар ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғуллана олмаяпти. Бунинг устига, спорт жиҳозлари ҳам етишмайди. Ахир амалий дарс машғулотларида кураш гилами, стол тенниси, футбол ва баскетбол тўплари, баскетбол шити ва гандбол дарвозаси керак бўлади.

Тумандаги 73-мактаб биноси 1985 йилда қурилган. Аммо муассаса шу кунгача бир марта жорий таъмирланган. Ҳозирги кунда мактабда 55 нафар ўқитувчи 525 нафар ўқувчига дарс бермоқда.

– Муассасамиз қурилгандан буён 2020 йилда таъмирланди, – дейди директор ўринбосари Саодат Ўроқова. – Спорт зали эса 37 йилдан буён таъмирланмаган. Шу боис қорли, ёмғирли кунларда залнинг томидан сув ўтяпти. Бундан ташқари, пол қўпорилган, иситиш тизими ишламайди, жиҳозлар ҳам эскирган. Бу масала бўйича туман халқ таълими бўлимига бир неча марта мурожаат қилдик. Аммо тайинли жавоб ололмадик.

Пайариқда спортни оммалаштириш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш бўйича бир қатор амалий ишларга қўл урилган. Аммо умумий ўрта таълим муассасаларида ҳам спортга эътибор қаратилиб, шу соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фазлиддин Рўзибоев.