Пайариқликлар ҳаётида ўзгаришлар бўладими?
Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳар бир туман-шаҳарга ўз иқтисодий имкониятларини ошириш ҳисобига ҳудудда катта ўзгаришларни бажариш ҳуқуқи берилди. Бу борада Пайариқ тумани ҳокимлиги қандай ишларни амалга оширмоқда ва қандай режалари бор? Шулар ҳақида билиш учун туман ҳокими Зафар Эргашев билан суҳбатлашдик.
- Зафар Авазович, Сиз туманни бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан қабул қилиб олдингиз. Масалан, ҳудуддаги кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти талаб даражасида эмас, шунингдек, транспорт қатнови ҳам тизимли йўлга қўйилмаган.
Айтингчи, бу масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганми?
- Сиз айтган муаммолар, ишлар, келажакдаги режалар, иқтисодий лойиҳалар устидан тегишли ўринбосарлар ва мутахассислар билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Албатта, бирор туманга биринчи раҳбар этиб тайинланиш бу жуда катта масъулият саналади. Чунки ҳар бир фуқаро, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалланинг ўз муаммолари бўлгани сингари туманнинг ҳам кўп йиллардан бери тўпланиб қолган ишлари бор. Масалан, саноат, бозорбоп маҳсулотларни кўпайтириб, бозорда ўз ўрнига эга корхоналар сафини кенгайтириш, тадбиркорликнинг турли соҳаларини ривожлантириш, одамларни ишли қилиш, маҳаллаларда уйма-уй юриб, одамларнинг яшаш шароитларини ўрганиш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим соҳасида давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббуслар ижросини ташкил қилиш, буларнинг барчаси келажакда Пайариқ туманини ҳам вилоятда олдинга олиб чиқувчи ишлар, деб ҳисоблайман. Яқинда бўлиб ўтган туман Кенгаши сессиясида ҳам биз бу борада мурожаатимизда баён этдик.
Челак ва Пайариқ шаҳарчаларида бундан 40-50 йил олдин қурилган икки қаватли уйларда яшовчилар ҳали бизнинг ишимиздан тўлақонли рози эмас. Бу уйларда канализация, иссиқлик тизими, тоза ичимлик суви бўйича узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммолар турибди. Ҳозирда уй-жой, коммунал хўжалиги, туман газ, электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари билан бу уйларнинг иссиқлик тизимини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.
Туманимизда ҳам бошқа ҳудудлардаги каби фуқароларнинг шахсий автомобиллари кўп бўлса-да, жамоат транспорти соҳасида қиладиган ишларимиз талай. Жумладан, автобуслар қатнови билан мақтанолмаймиз. Чунки бу борада “Оттава Кан” ва бошқа корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса-да, муаммолар бор. Бу ҳам олдимизда турган катта масалалардан ва биз унга комплекс ечим топишга масъулмиз.
- Туман иқтисодиётида ҳам айтарли ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳатто ёшлар саноат зонасида мана иккинчи йилдирки, бирон лойиҳа иш бошламади...
- Тўғри, туман иқтисодиёти қатор йиллар пахта сиёсатига таяниб қолганлиги, саноат, инвестиция киритиш, янги корхоналар бунёд этиш, одамларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка деярли эътибор қаратилмаганини яхши биласиз. Кўп йиллар биттагина пахта заводига эга бўлган туманда бирданига йигирма-ўттизталаб завод, фабрикаларни ишга тушириб юборамиз, дейишдан йироқман. Лекин режаларимиз бор ва биз бу борада ишларни бошлаганмиз.
Умуман, сўнгги йилларда туман иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми охирги тўрт йилда 114,7 миллиард сўмга ошди. Жорий йил якуни билан 419,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Хизмат кўрсатиш ҳажми охирги тўрт йилда 226 миллиард сўмга ошиб, ўсиш 211,9 фоизни ташкил қилган. 2020 йилда 428 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлиб, вилоятдаги улуши 3 фоизни ташкил қилган. Йил якуни билан хизмат кўрсатиш ҳажми 686,7 миллиард сўмга етказилиб, 16,4 фоиз ўсиш таъминланди.
Кейинги тўрт йилда экспорт ҳажми йиллик 1,2 миллион доллардан 10 миллион долларга ошди. Туман экспортининг вилоятдаги улуши 2017 йилда 0,49 фоизни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 2,7 фоизга етган.
- Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси қандай бўлмоқда?
- Туманда 2022 йилда 5 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 9,9 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва 270 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Шу билан бирга, қўшимча инвестицион лойиҳалар шакллантирилиб потенциал инвесторлар билан ишлар олиб борилмоқда.
2021 йилнинг январь-декабрь ойларида тумандаги корхоналар томонидан 10 миллион доллар миқдорида саноат ва қишлоқ хўжалик махсулотлари экспорт қилинди.
2021 йилнинг январь-октябрь ойларида туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 171,2 миллиард сўмлик 91 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 3 735 та янги иш ўрни яратилди.
2020 йилда Халқобод маҳалласи ҳудудидан 18,6 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Айни пайтда лойиҳаларни жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Қўшимча равишда шуни айтиб ўтмоқчиманки, саноат зонасига чегарадош ҳудудда “Ёшлар тадбиркорлик ва саноат зонаси” ташкил этиш бўйича таклиф берилган. Бу ерда қулай имтиёзлар асосида йигит-қизларимизнинг саноат лойиҳалари жойлаштирилади.
- Ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлардан англаш мумкинки, туманда коммунал соҳада ҳамон оғир муаммолар сақланиб қолмоқда. Мисол учун, электр таъминотида узилишлар кузатиляпти, ҳудуднинг аксарият маҳаллалари марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган, табиий газ масаласида ҳам муаммолар бор. Соҳада хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун туман ҳокимлиги қандай чора кўряпти?
- Аслида, одамларни рози қилишнинг энг муҳим воситаларидан бири коммунал соҳани тартибга олиш, соҳадаги ўзибўларчиликларга барҳам бериш, деб биламан. Негаки, биргина электр таъминотидаги қисқа муддатли узилиш қанча одамларнинг ҳафсаласини пир қилади, тадбиркорнинг ишлаб чиқариш линияси ёки дастгоҳи ишламайди, бу эса туман иқтисодиётини яна орқага тортади.
Масалан, симёғочларнинг аксарияти эскирган, маънан яроқсиз аҳволга келиб қолган, трансформаторлар кучсизланган, истеъмолчи кўп. Бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан қиладиган ишларимиз бор. Жумладан, бир тадбиркоримиз симёғочлар ишлаб чиқаришни режалаштиряпти. Бу иш амалга ошса, анчагина муаммоларимиз ҳал бўлади.
Ичимлик суви катта муаммоларимиздан бири. Биз бу борада қанча маблағ ва меҳнат талаб қилинишини ҳисоблаб чиққанмиз. Келгуси йил дастурларида тизимда бирмунча ижобий ўзгаришлар қиладиган лойиҳалар белгилаб олинган.
Айтмоқчи бўлганим, коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал этмай кўп нарсага эришолмаймиз. Шунинг учун бу борада жиддий иш олиб бориб, туман аҳолисининг розилигига эришишни биринчи даражали вазифамиз, деб биламан.
- Пайариқда ҳоким сифатида иш бошлаганингизга ҳам беш ой бўлиб қолди. Дастлабки таассурот ва хулосаларингиз қандай?
- Келган кунимдан бошлаб шу туманнинг ижтимоий-иқтисодий фаолиятини ўрганиш, хулосалар чиқариш, одамларни ишли қилиш учун қандай чоралар кўриш, соҳаларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда нималарга эътибор қаратиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа шу каби соҳаларда тадбиркорликни йўлга қўйишга киришдим.
Туман аҳолиси ҳаёти фаровон бўлиши, тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш соҳаларини кенгайтириш, иш ўринлари кўпайишига ҳисса қўшиш, одамларни рози қилиш нафақат вазифам, шу билан бирга бурчим деб биламан. Энг аввало, жавобгарлигимизни ҳис этмас эканмиз, юзимизни ёруғ қиладиган ишларни бошлаш ва одамлар манфаатига тааллуқли вазифаларни уддалашнинг ўзи бўлмайди.
Ислоҳотларнинг бориши, янгиликларнинг жорий этилиши, ҳар бир маҳаллада янги иш ўринлари кўпайтирилиши, одамларни тадбиркорликка ўргатиш, ҳар бир ишни виждонан, халқ ва давлат келажаги учун қилиш борасида туманимиз аҳли олдида қарздормиз.
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.