Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ҚАҲВА: Мамлакатлар ва одатлар

Қаҳва умрни узайтирувчи ҳамда жиддий касалликлар хавфини камайтирувчиси ҳисобланади. Олимлар буни қаҳва таркибидаги танани ҳимоя қилувчи биоактив моддалар билан боғлиқ деб ҳисоблашади.

Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, қаҳва инсонни саратон ва юрак касалликлари каби ёшга боғлиқ касалликлардан ҳимоя қилиш орқали унинг узоқ умр кўришига ёрдам берар экан. Кунига бир финжон қаҳва эрта ўлим хавфини 8 фоизга, икки-беш финжони уни 12 фоизга, олтитаси эса 16 фоизга камайтиради. Шифокорлар бундан кўп миқдорда қаҳва ичишни маслаҳат бермайдилар.

Тадқиқотчилар кофе ичувчилар хромосомаларининг учлари узунроқ теломерларга эга эканлигини аниқлашди. Улар қанчалик узун давом этса, ДНК шунчалик яхши ҳимояланган ҳисобланади. Ёш ўтиши билан теломерларнинг қисқариб бориши ҳужайралар қаришига олиб келади.

Барча афзалликларига қарамай, қаҳва ҳамма учун бирдек фойдали эмас. Ичимликни нотўғри тайёрлаш, унга организм учун зарарли бўлган турли қўшимчаларни аралаштириш ҳоллари кўп учрайди. Хўш, дунё халқлари қаҳвани қандай усулларда тайёрлашади?

Дунё мамлакатлари қаҳваларини татиб, нафақат маҳаллий маданият ҳақида билиб оласиз, балки ичимликнинг янги қирраларини ҳам кашф этасиз.

Америка қаҳваси

Бу давлатда қаҳва катта ҳажмли идишларда тақдим этилади. Америкаликлар қаҳвани деярли ҳамма жойда – ишга кетаётганда, метрода, яёв юриб бораётганда ичишади. Бу мамлакат қоғоз қаҳва идишлари ватани ҳисобланади.

Кунжутли қаҳва

Қаҳва тайёрлашда ўз усулига эга Марокашда аччиқ ичимликдан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бу ерда ичимликни кунжут, занжабил, кардамон, қалампир ёки бошқа қўшимчалар қўшиб тайёрлашади. Шу сабабли марокаш қаҳвасини ҳамма ҳам сут ёки сув қўшмасдан ичишга қодир эмас. Аммо унинг тетиклантирувчи таъсири сизни кўп куттирмайди

Ширинтомоқлар учун ветнамча қаҳва

Ветнамликлар финжонга қаҳвадан аввал қуюлтирилган сут солишни унутмайдилар. Бу иссиқ иқлимли мамлакатда қаҳвага муз қўшиб ичишингиз ҳам мумкин. Кўплаб сайёҳлар Ветнам қаҳваси бир ҳўплашдаёқ мафтун этишини тан олишади.

Ирландча қаҳва

Ирландия қаҳвв коктейли Халқаро барменлар ассоциацияси рўйхатига киритилган бўлиб, унинг таркиби қора қаҳва, ирланд вискиси, жигарранг шакар ва кўпиртирилган кремдан иборат. Бу усулда тайёрланган қайноқ қаҳва кузги Ирландиянинг салқин ва нам ҳавосида исиниб олиш учун айни муддао ҳисобланса ҳам истеъмолда унинг таркибида алкогол борлигини эътиборга олиш зарур.

Саудия арабистонида қаҳвани қандай ичишади?

Саудия Арабистонида қаҳва меҳмонлар кўз ўнгида тайёрланади. Долчин ёки кардамон қўшиб тайёрланган қаҳва аввал ёши улуғларга ва ундан кейин бошқаларга узатилади. Араблар қаҳвани ихчам финжонларда, анъанавий ширинликлар билан тановул қилишади. Шунингдек, улар қаҳвани секин-секин, шошмасдан ичиш билан хонадон соҳибига ҳурмат ва эҳтиром изҳор этадилар.

Италия. Эспрессо ва капучино ҳақида

 Қаҳванинг эспрессо, капучино ва латте каби классик турлари италияликлар томонидан ўйлаб топилган. Италияликлар сутли қаҳвани фақат тонгда ичишса, эспрессони эса куннинг исталган вақтида, аммо доим ичимликнинг таъмини оширувчи лимон бўлаги билан ичишади.

Қайси ёшдан истеъмол қилиш мумкин?

Шифокорлар қаҳвани 14-15 ёшдан, ўсмирларда балоғат даври гормонал ўзгаришлари  ўтгач ича бошлашни тавсия этишади.

Халқаро қаҳва ташкилоти маълумотларига кўра Финляндия энг қаҳвасевар мамлакат ҳисобланади. Финлар йилига ўртача 12 кг қаҳва истеъмол қилишади.

Ўзбекистонда асосан чойни хуш кўришса ҳам, статистика қўмитасининг маълумотига кўра 2022 йилнинг январь—июль ойларида республикамиз хорижий давлатлардан қиймати 1,8 млн долларга тенг 257,2 тонна қаҳва маҳсулотларини импорт қилган. Агар математикадан олган билимим панд бермаган бўлса, бу аҳоли жон бошига 0.0072 килограммни ташкил этар экан.

 Қаҳва мавзуси битмас-туганмас мавзу. Агар маълумотлар сизни қизиқтирган бўлса бу мавзуга яна қайтамиз.