Қатортераклик "маҳаллаком опа"

Яқинда Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ фаоллар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Паст Дарғом тумани “Қатортерак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олтиной Қудратова ҳам бор.

- Аҳоли дардини ўзимники деб биламан, - дейди у. – Маҳалла аҳлининг аксариятини тоза ичимлик суви муаммоси қийнар эди. Кейинги йилларда 2 та сув иншооти қурилди. Электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида 100 дона эски симёғоч янги бетон устунларга аламаштирилди. Марказий кўчаларимизга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган қабристонга элтувчи 2,5 километрлик йўлимиз шағаллаштирилди. Ҳудудимиздаги йўллар ёқасига 6 минг туп манзарали дарахтлар экилди. Бу ишларнинг барчаси фермер ва тадбиркорларимиз, ташаббускор аҳолимиз томонидан амалга оширилди.

Томорқадан унумли фойдаланишда маҳалла фаоллари аҳолига ўрнак бўляпти.

- Маҳалла марказининг 2 сотихлик томорқаси мавжуд, - дейди Олтиной Қудратова. - Бу ердан йил давомида  унумли фойдаланамиз. Кузда тўқсонбости экин сифатида саримсоқпиёз экамиз. Кўклам келгач, гул ва сабзавот экинлари уруғини қадаймиз. Томорқада етиштирилган маҳсулотлар эҳтиёжманд оилаларга тарқатилади. 

Шу маҳаллада яшовчи Мафтуна Ўринова ота-онасининг бевақт ўлими сабаб 15 ёшида бир укаси ва бир синглиси билан етим қолди. Уларга холаси бош-қош бўлди. Мафтуна мактабни битириб, ўз аравасини ўзи тортишга аҳд қилди. Бугунги кунда укаси ва синглисига ҳам оналик, ҳам оталик қилмоқда. У айни пайтда тикувчилик билан шуғулланяпти.

- Болалигимдан бу ҳунарга қизиқардим, - дейди Мафтуна. – Аммо менда тикув машинаси йўқ эди. Маҳалла фаоллари тавсияси билан “Ёшлар дафтари”га киритилдим ва менга замонавий тикув машинаси ажратилди. Ҳозирда буюртма асосида аёллар учун кўйлаклар тикяпман. 

Эҳтиёжманд оилалар, айниқса, ёрдамга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлашни кун тартибига киритган маҳалла раиси ҳам унга қўлидан келганча кўмак кўрсатиб келяпти. 

Маҳалла маркази биносида ўқув курси ташкил этилган, - дейди М.Ўринова. – Маҳалламиз раиси Олтиной опанинг таклифи билан тикувчилик сирларини чуқурроқ ўрганиш мақсадида ушбу марказга қатнаяпман. Маҳалла фаолларидан миннатдорман. Бизни ёлғизлатиб қўйгани йўқ.

Маҳаллада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. 100 дан зиёд хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, 200 дан зиёд эскирган симёғочларни янгиларига алмаштириш, тадбиркорлар ва ҳунармандлар сафини кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиш маҳалла фаоллари олдида турган асосий вазифаларидир.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).