Қишин-ёзин бир рангда - дунёнинг бир хил тусли “монохром” шаҳарлари

Замонавий шаҳарлар ўзининг ранг-баранглиги билан кўзга ташланади. Албатта, ранглар жилоси кўзни қувонтиради, байрамона кайфият яратади ва пировардида сайёҳларни ўзига тортади.

Бироқ, қарама-қарши ҳаракат - шаҳарни битта рангда бўяш орқали ҳам киши тасаввурини ҳайратда қолдириш мумкин. Гўё самовий камалакнинг бирор бир чизиғи ажралиб чиқиб шаҳар устига ёйиниб, ўзининг мазмунли кўк, мулойим пушти, ёки тўқ бинафша рангини ато этгандек.

Тан олиш керакки, ҳамма шаҳарлар ҳам сунъий равишда битта рангга бўялган эмас. Баъзан бу уйларнинг монохромлигига қурилиш материаллари ҳам сабабчи бўла олади. Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳри мисолида ушбу шарҳимизни бошлаймиз.

Пушти рангли шаҳар

Қадимий меъморчиликлари яхши сақланиб қолинган Жайпурнинг эски қисмидаги пушти рангли бинолари ҳақида умумий бир фикр ёки келишув йўқ. Сайёҳларга албатта бу рангни яхши кўрган Шива худосига сиғинган шаҳар асосчиси махаржа Жай Сингҳ III ҳақида, бошқа гидлар эса аҳоли ўз уйларини шунчаки меҳмондўстликни англатадиган махсус пушти рангга бўяшларини айтиб беришади.

Аслида тарихий биноларнинг бир хил рангда бўлишининг сабаби оддий – қурилиш материаллари олинган шаҳар яқинида пуштиранг қумтошлар жуда кўп. Айтганча, шаҳар қуёш нурига қараб жилоларини ўзгартириб туради. Куннинг турли вақтларида Жайпур баъзан қизғиш-жигарранг, баъзан эса чиндан ҳам оч пушти рангда тобланади.

Кўк шаҳар

Марокаш тоғлари ва текисликлари орасида кедр дарахтлари билан ўралган кичкинагина, мафтункор Шефшауэн шаҳри яширинган. Маҳаллий аҳоли Шавен деб атайдиган бу шаҳарда уйлар, йўлаклар, зинапоялар ва ҳатто гулдонлар кўк рангга бўялган.

Рангларнинг бир хиллиги узоқ тарихий ўтмишга бориб тақалади: Европа инквизицияси пайтида кўплаб Шавенга кўчиб ўтиб ўтган яҳудий қочқинлар кўк рангни анъанавий равишда Яратганнинг илоҳий моҳияти тимсоли деб билишган. Дастлаб, шаҳарда фақат яҳудий қочқинларнинг уйлари кўк рангда эди, вақт ўтиши билан бу анъана барча маҳаллий аҳоли орасида илдиз отди.

Бинафшаранг шаҳар

Кунларнинг бирида Жанубий Кореянинг иккита Банвол ва Паркжи ороллари аҳолиси сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ўз шаҳарчаларини бинафша рангга бўяшга қарор қилишди. Қизиғи, бу ташаббус Жанубий Корея расмийлари томонидан қўллаб-қувватланди ва бунинг учун ҳатто 3 миллион доллар ҳам  ажратилди.

2019 йилда иш қайнай бошлади ва тез орада сайёрада ҳайратланарли бинафша нуқтаси пайдо бўлди. Бу ерда бинафша рангли машиналар бинафша рангли йўлларда ҳаракатланади, гулзорларда фақат лаванта ва қўнғироқлар ўсади, маҳаллий аҳоли бинафша рангли кийимларда юради, ресторанларда таомлар фақат бинафша рангли идишларда тортиқ қилинади.

Табиийки, бу ерга сайёҳлар дарёдек оқа бошлади. Бинафша рангли оролларга кириш пуллик, лекин агар меҳмон мос рангдаги кийимда бўлса, унга бепул киришга рухсат берилади.

Оқ шаҳар

Испаниянинг Андалусиясида “Оқ шаҳарлар” топоними мавжуд. Бу тасодиф эмас албатта. Андалусияда қуёш жуда ёрқин порлайди, оқ ранг эса иссиқликни қайтариб, уйларни салқин сақлайди.

Бундай шаҳарларнинг ўзига хос вакилларидан бири 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган кичик Убрике аҳоли пунктидир. Кўп асрлар давомида аҳоли ўз уйларини оқ рангга бўяб келади ва расмийлар харажатларни қисман қоплаган ҳолда уларга ёрдам беради. Убрикеда оқ уйлардан ташқари кўриш мумкин бўлган бошқа нарсалар ҳам бор. Сайёҳлар атрофдаги манзарали жойларга сайр қилиб, табиати ва қадимий биноларнинг меъморчилигидан завқланиб сайр қилишади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.