Қишлоқ хўжалигидаги имтиёзларлардан хабардормисиз?
Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган фермер-деҳқонлар, агрофирмалар учун қатор имтиёзлар берилган. Афсуски, ҳамма ҳам улардан хабардор эмас. Қишлоқ хўжалик вазирлиги мазкур эслатмаларни ҳавола қилмоқда.
Агробизнес
Қонунчиликка кўра, аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилиши белгиланган.
Лимончилик
Янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳар бир сотих учун 300 минг сўмгача миқдорда субсидия сифатида қоплаб берилади.
Субсидия лимонзорлар барпо этиш ишлари якунланиб, туман ишчи комиссиясининг уларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан тасдиқланган далолатномалари Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига тақдим этилгандан сўнг 1 ой муддатда ажратилади.
Пахтачилик
Қонунчиликка кўра, пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг пахта териш орқали топган даромадига солиқ солинмайди.
Шунингдек, пахта йиғим-терими бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлиги учун меҳнат ҳақи тўлашга доир харажатлар ижтимоий солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Пахта тозалаш саноати корхоналарида пахта тозалаш билан боғлиқ қуйидаги ишларда тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтади:
- пахтани қуритиш;
- пахтани тозалаш;
- пахтани юклаш, тушириш;
- пахтани пневмотранспортга ортиш;
- қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш.
Чорвачилик
Яқинда қабул қилинган Президент қарорига кўра, чорвачилик кластерларига:
- 60 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилади;
- пахта ва ғалла экин майдонларини қисқартириш ҳисобига ҳар бир туманда камида 100–150 гектар майдон озуқабоп экинлар экиш учун ажратилади.
2023 йил 1 декабрдан чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини Қўмита кафолати асосида 180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилади.
2023 йил 1 сентябрдан 2025 йил 31 декабргача давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
- чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;
- паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 15 минг сўмини қоплаш учун.