Қишлоқларда арзон уй-жойлар қурилади
Халқаро экспертлар томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, аҳолини муносиб турар-жой билан таъминлаш мақсадида охирги уч йилда 104 мингта, жумладан, қишлоқларда 63 минг ва шаҳарларда 41 минг хонадонга мўлжалланган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилган. Бироқ йилдан-йилга аҳоли сонининг ўсиши уй-жойга бўлган талабни тўлиқ қондирмайди.
Буни жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда уй-жой масалалари билан боғлиқ мурожаатларнинг ҳаддан ортиқ кўп келиб тушаётганидан билишимиз мумкин. Шунингдек, мурожаатларда уй-жойларнинг сифати талабга жавоб бермаслиги, қурилган айрим бинолар муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланмаганлигидан норозилик билдирилмоқда.
Бу каби камчиликларнинг сабаби, арзон уйларнинг барқарор молиявий манбаси мавжуд эмас. Асосан бюджет маблағларига боғланиб қолгани туфайли тизимда рақобат тўла шаклланмаган ва хусусий сектор иштироки етарли эмас эди.
Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида уй-жой қуриш бўйича бирмунча тажриба орттирган хусусий корхоналарни бу жараёнга жалб қилиш, мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга давлат томонидан керакли шарт-шароитларни яратиш белгиланди.
Шу сабабли жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилиши йўлга қўйилиб, уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилиши белгиланди. Яъни, давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шартларда бериш орқали уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлайди.
Янги тартиб бўйича давлат буюртмачи ҳисобланиб, лойиҳани ўзи тайёрлаб, уйни ўзи қурмайди. Балки, бу иш тўлиқ хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилади.
Кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун ер участкалари қишлоқ жойларда тендер савдоларида ютиб чиққан тадбиркорлик субъектларига беғараз ажратиб берилади. Аҳолининг уй-жойга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тартибда уй-жойлар аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда, массив шаклида қурилади.
Авваллари қишлоқ жойларида қурилаётган кўп қаватли арзон уйлар тарқоқ жойлашганлиги сабабли ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва уларни сақлаш харажатлари ҳамда инфратузилма объектларини (йўл, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси) ўтказиш ишларига кўп миқдорда маблағ талаб этиларди. Оқибатда қурилган уйлар узоқ муддат ўз харидорларини тополмасди. Эндиликда уй-жойлар вилоят ва туман (шаҳар) марказларига туташ ҳамда инфратузилма объектлари мавжуд ҳудудларда камида 200 та хонадондан иборат бўлган кўп қаватли уйлар шаклида қурилади. Бунинг натижасида инфратузилма харажатлари камайиб, ерлардан самарали фойдаланилади.
Шунингдек, қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қурувчи тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган малака талабларидан, танлов савдоларини ўтказишда “қиймат-миқдор” мезонларидан фойдаланилиши, яъни халқаро амалиёт инобатга олинган ҳолда қуриладиган уй-жойларнинг 1 квадрат метр нархидан келиб чиқиб танловлар ўтказилиши соғлом рақобат муҳити шаклланишига, уйлар арзонлашишига олиб келади.
Баҳодир ҚАРШИЕВ,
Самарқанд вилояти ҳокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти.