Қўлида пичоқ билан аёл кишига таҳдид қилаётган эркак қўлга олинди
Тошкентнинг Юнусобод туманида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси номаълум шахс қўлида пичоқ билан аёл кишини қувиб келаётганини кўрган ва кўнгилсизликнинг олдини олиш учун ошиққан.
Номаълум эркак аёлга етганда Миллий гвардия хизматчиси жабрланувчини уни қўлидан ажратиб олган. Тартиббузар шу заҳоти қочиб кетган.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси А.Х. шу ҳудуддаги пост-патруль экипажига ҳолат юзасидан хабар бергач, тартиббузар ортидан экипаж қувиб тўхтатган. Фуқародан қўлидаги пичоқни ташлаш талаб қилинганида, у талабни бажармасдан, ҳақорат қилиб, уларни ўзига яқинлаштирмаслик учун тош ва бошқа қўлига илинган нарсаларни ота бошлаган. Фуқаро уни ушлаш вақтида ички ишлар ходимининг оёғига пичоқ санчиб олгач, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Ё.Ф. резина таёқни ишлатишга мажбур бўлган. Сўнг тартиббузарнинг қўлидаги пичоқни тортиб олиб, қўлига кишан солган. Қўлга олинган шахс Юнусобод тумани ИИБ бўлимига топиширилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида фуқаролар Шайхонтоҳур туманида яшовчи эр-хотин С.Н. ва С.А. эканлиги, эри маст ҳолда ўзаро жанжаллашиб, шу ҳолат юзага келганлиги маълум бўлган.
Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.