Қўмондон кўрсатмаси билан зоминлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшаётган уй таъмирланди, жиҳозланди (фото)

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов кўрсатмаси билан зоминлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар ота Аҳмедовнинг уйи таъмирланиб, хонадон жиҳозлаб берилди. Бу ҳақда ҳарбий журналист, капитан Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди.

30 январь куни округ қўмондони биринчи маротаба Зомин тумани, Пишағар қишлоғига ташриф буюриб, 98 ёшга кирган уруш фахрийси билан суҳбат қилганди. Учрашувдан сўнг қўмондон Пирназар ота яшаётган уй нураш арафасида турганлиги, хона эса зах босганини айтиб, уйни янгидан таъмирлашга кўмак берилишини таъкидлаганди.

Орадан қисқа вақт ўтиб, яъни 29 феврал куни округ қўмондони, ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар ҳамроҳлигида Пирназар ота янги уйга кўчирилди. У яшайдиган хонадон эса шинам ва ёруғ, шу билан бирга замонавий уй жиҳозлари билан таъминланди. Шу куни уруш фахрийси хонадонида ҳашар ҳам уюштирилди. Ҳарбий оркестр ижросида жанговар куй-қўшиқлар янгради.

Маълумот ўрнида, Пирназар ота Аҳмедов урушдан кичик сержант унвони билан қайтиб келган. Унинг 7 фарзанди, 42 невара, 92 эвара ҳамда 5 нафар чевараси бор. Бундан ташқари, Жиззах вилояти, Зомин туманида 9 нафар уруш қатнашчиси яшайди. Уларга ҳарбийлар томонидан моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.