Қўшработ ва пахтачилик олтин изловчилар ушланди

Таркибида олтин ёки бошқа қимматли рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланишнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Бунга амал қилмаганларга нисбатан жиноий жазо қўлланилишини кўпчилик яхши билади. Аммо шунга қарамай бу каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди.

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Қўшработ ва Пахтачи туманларида ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай ҳолатлар қайд этилди.

Қўшработ туманида яшовчи Ш.Б. ҳамда Пахтачи туманида яшовчи Т.М.нинг яшаш хонадонларида жами 7 тонна 129,3 килограмм таркибида олтин моддаси бўлган қум зарралари борлиги маълум бўлди.

Бу ашёлардан олтин олиш мақсадида тош майдалаш тегирмонлари, қум қуритиш печи, кимёвий модда ва бошқа буюмлардан фойдаланиб келинаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштирилиб олинди.

Ушбу шахслар электр энергиясига ноқонуний уланиши оқибатида давлатга 270 миллион сўм миқдорида зарар етказган.

Ҳозирда бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.