Қозоғистон ТИВ Самарқандда сайёҳларга электрошокер қўлланилганига муносабат билдирди

21 май куни Самарқандда ИИБ ходимлари тунги пайтда сайёҳларга қўпол муомалада бўлиб, куч ишлатгани хабар берилганди. Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, вазирлик вазиятга ойдинлик киритиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистонга расмий мурожаат йўллаган. Департамент қозоғистонлик сайёҳларга нисбатан электрошокер қўлланилгани видеосини ўрганиб чиққан.

«Ўзбекистон жамиятининг ўзи ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатини қораламоқда. Шунга қарамай, биз вазиятни назоратда ушлаб турибмиз», — деган ТИВ вакили.

Шунингдек, у Қозоғистон Ўзбекистондаги ҳодиса бўйича ички терговни кузатиши, жараёнга аралашмаслиги ва қозоғистонлик фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган қисм кузатув остида бўлишини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 майдан 21 май кунига ўтар кечаси Самарқанд шаҳар ИИБ патруль-пост хизмати ходимлари тунги фаолиятини олиб борган. Улар Мирзо Улуғбек кўчасида қозоғистонлик сайёҳларни шахсини текшириш жараёнида уларга қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилган. Жумладан, сайёҳларга электрошокер қўллаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.