Қозоғистонда чегарадаги қароқчи жиноий гуруҳ ушланди (видео)

Қозоғистоннинг Сариағаш шаҳридаги “Қоплонбек” чегара пунктида ҳайдовчилардан тамагирлик билан пул олиш билан шуғулланиб келган 13 киши қўлга олинди.

Қўлга олинганларнинг барчаси маҳаллий “Сариағашликлар” уюшган жиноий гуруҳининг аъзоси бўлишган.

Таъкидланишича, жиноятчилар узоқ вақт давомида МДҲ юк ташувчи ҳайдовчиларидан пост орқали ўтиш учун 15 мингдан 50 минг тенгегача (40-132 доллар)  пул талаб қилишган.

Жиноий гуруҳ аъзолари бош тортган ҳайдовчиларга таҳдид қилишган, кези келганда калтаклашган. Бундан ташқари, юк машиналарининг ойналарини синдириб, ғилдиракларини тешишган.

“Жами 13 нафар гумон қилинувчи қўлга олинди. Уларнинг ҳаммаси Туркистон вилояти аҳолисидир”, дейилган хабарда.

Ҳозирда Қозоғистон ЖКнинг 194-моддаси (тамагирлик) билан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Гумон қилинувчилар ҳибсга олинган. Ашёвий далил сифатида қурол, пичоқ ва пуллар мусодара қилинган.