Қувончни кулфатга айлантирган оғу

Бозорни айланиб юрган Ғани олис вилоятда яшовчи дўсти Валини учратиб қолди: “Йигирма йил ўтсаям ўзгармабди”.
- Вали, сенмисан?
Бозорлигини халтага жойлаётган Вали “ким чақирди?” дегандай атрофга аланглади. Ўзига қараб келаётган Ғанини кўриб, дарров таниди.
- Ғани, ўзингмисан, жўра?
Икки қуролдош қучоқлашиб кўришишди. Ҳол-аҳвол сўрашишди.
- Соғ-саломат экансан, жўра! Кўришганимдан хурсандман!
- Мен ҳам, - деди Вали Ғанини қучиб. - Салобатли бўлиб кетибсан, лекин овозингдан дарров танидим.
- Энди бизникига борамиз, унча узоқ эмас! Меҳмон бўлиб кетасан, яна кўришиш қачон насиб этади? - таклиф қилди Ғани.
- Раҳмат, дўстим, кейинги гал албатта, меҳмон бўлиб келаман. Ўғлим университетда ўқияпти, энди тез-тез келиб тураман, - деди Вали узр сўраб.
- Йўқ, бунақаси кетмайди, - деди Ғани. - Мен сени шундоқ қўйвормайман. Юр, ресторанга кирайлик, бироз ўтириб, учрашганимизни нишонлаймиз…
- Оббо, дўстим-ей, қани, соғ-саломат учрашганимиз учун олдик, - Ғани Валига қадаҳни узатди.
- Узр, жўра, анчадан буён ичмаётган эдим. - Вали ўнғайсизланиб, эътироз билдирди.
- Мен ҳам кўп ичмайман, - деди Ғани. - Бундай хурсандчилик кун кам бўлади жўра, қани, олдик, йўқ дема!
Икки қуролдош, ҳарбий хизматни ўтаган навқирон йилларини эслаб, гангур-гунгур билан икки шишани бўшатиб қўйишганини сезмай қолди.
- Энди бўлди, - деди кайфи ошиб қолган Вали. - Мен бошқа ичмайман.
- Мен ҳам бошқа ичмайман, - Ғани қўли қалтираб тўкиб-сочиб, қадаҳларни тўлдирди. - Бу охиргиси…
Тонгда Валидан олдин Ғани уйғонди. Боши зирқираб, ташналикдан томоғи қуруқшаб, ичи ёнарди. Панжара билан тўсилган туйнукчаси ёришиб турган эшикни тақиллатди. Темир эшик даранглаб очилиб, навбатчи кўринди.
- Ҳа, пиёниста, ўзингга келдингми?
- Қаердаман? - Ғани ҳуши учиб, навбатчига қаради.
- Камерадасан, камроқ ичиш керак, ошна!
- Энди нима бўлади? - Ғани кеча ресторанда нима бўлганини эслолмади.
- Нима бўларди, қамайдими, жаримага тортадими суд ҳал қилади, - навбатчи қарс этиб, эшикни ёпди.
- Шарманда бўлдик, ароқни чиқарганга минг лаънат, - Ғани гандираклаб деворга суянди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.