Қуйи бўғин ишламаса, халқни рози қилолмаймиз
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Дастлаб Президентимизнинг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича 2022 йилда вилоятнинг олис ҳудудларида яшайдиган ва марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаганлик даражаси оғир бўлган 6 та ҳудуд аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича манзилли рўйхатини тасдиқлаш ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Депутатлар вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарорини тасдиқлади.
Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Заировнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2021 йил якуни бўйича туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 243,6 миллиард сўм (106,9 фоиз)га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмини 925 миллиард сўм (105,3 фоиз)га, қурилиш-пудрат ишларини 106,3 миллиард сўм (116,1 фоиз)га, чакана савдо хизматлари ҳажмини 375,2 миллиард сўм (109,7 фоиз)га ҳамда хизматлар ҳажмини 378,3 миллиард сўм (122,4 фоиз)га бажариш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 9 ойида 317 та кичик бизнес ва 467 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 1168 та юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига жами 35,1 миллиард сўмлик банк кредитлари ажратилган.
- Давлат органлари ва ташкилотларнинг қуйи бўғини ходимларининг “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлашдаги сусткашлиги бугун барчамизни қийнаб келаётган энг муаммоли масалалардан бири бўлиб қолмоқда, - деди вилоят ҳокими. – Жойлардаги ҳақиқий эҳтиёжманд оилалар, муҳтож фуқаролар аксарият ҳолларда уларнинг эътиборидан четда қолиб кетяпти. Туман ва шаҳар ҳокимларининг кўпчилиги “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича намуна бўладиган ташаббусларни илгари суролмаяпти. Жойлардаги раҳбарлар качонки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш малакасини, соҳалар бўйича таянч билим ва бошқарув кўникмаларини ўзлаштирсакгина, халқни рози қиламиз, одамлар бизга эргашади.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг 2021 йил 9 ой якуни бўйича бюджет даромадларининг бажарилиши ҳамда IV чоракда солиқ базасини ошириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
- Умумий бюджет (контингент) даромадлари жорий йилнинг 9 ойида 2 224,1 миллиард сўмни ташкил этиб, 2 008,3 миллиард сўмлик прогнозга нисбатан 111 фоизга ёки 215,7 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди, - деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари. - Бироқ қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслар мол-мулк солиғидан прогнозга нисбатан кам тушум туширилган.
9 ой якунлари бўйича умумий бюджет даромадлари Паст Дарғом, Пайариқ, Нарпай ва Қўшработ туманларида, маҳаллий бюджет даромадлари Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Пайариқ туманларида мавжуд имкониятларга нисбатан паст даражада ижро этилган. Айланмадан солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулк солиғидан прогноз ижроси таъминланмаган.
1 октябрь ҳолатига йил бошига нисбатан боқиманда солиқ қарзи Самарқанд ва Каттақурғон шаҳарлари, Тойлоқ, Пахтачи, Самарқанд, Иштихон, Пайариқ, Нуробод, Жомбой ва Булунғур туманларида ошган.
Сессияда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов вилоятда бешта муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Қайд этилишича, “Aёллар дафтари” ва “Темир дафтар”да турадиган оилаларнинг болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган фарзандлари учун тўловларда жорий этилган имтиёзларнинг қўлланилишида оиланинг дафтардан чиқарилиши муносабати билан муаммолар юзага келмоқда. Мазкур ҳолатни қонуний ҳал қилиш бўйича депутатларимизнинг амалий ёрдами керак.
Шунингдек, депутатлардан ўз ҳудудларида таҳсил олаётган ёшлар учун керакли мусиқа ва спорт жиҳозларига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан мазкур эҳтиёжнинг бутланишида кўмак сўралди. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ташкил этилган тўгаракларнинг нечоғли мақсадли фаолият олиб бораётганлигини назорат қилишда ҳам ҳамкорлик зарур.
Сессия ишида шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Даврон Норчаевнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, бошқарманинг қуйи тизимлари томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор режалари тўғрисидаги ҳисоботи ва Кенгаш доимий комиссиясининг мазкур масала юзасидан ўрганиш натижалари бўйича ахбороти тингланди.
Депутатлар фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, аҳоли зич жойлашган ва миграция оқими юқори бўлган шаҳар-туманларга ўрнатиш учун қўшимча 4 та хорижга чиқиш, биометрик паспорти расмийлаштириш жамланмаси ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси хорижга чиқиш биометрик паспорти ва шахсини тасдиқловчи ID-карталарни Давлат хизматлари агентликлари орқали расмийлаштиришни йўлга қўйиш бўйича таклифларини билдирдилар.
Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгаш қарорлари қабул қилинди.