Реанимация бўлимида содир бўлган мўъжиза

Мана неча кундирки, бутун қавму қариндошлар бу йигитнинг кўзини очиб, бирон нима дейишини илҳақ кутиб ўтиришибди… Гап шундаки, ҳам зиёрат, ҳам саёҳат мақсадида ўртоқлари билан тоққа чиққан бу йигит қайтишда ўзи ҳайдаб келган машинада уйига эмас, афсуски, тез тиббий ёрдам машинасида, тўғри шифохонага олиб борилди.

Тез тиббий ёрдам бўлими тезкорлик билан оғир аҳволда келган беморга биринчи ёрдам кўрсата бошлади. Аҳвол жуда оғир, жигар ёрилган, ичаклар узилган, бош мияга шикаст етказилган, яна бир нечта жароҳатлар… Шошилинч амалга оширилиши керак бўлган амаллар навбати билан жарроҳлар томонидан ўтказилди. Тоғнинг энг юқори чўққисига чиқиб, илкис, ҳаёти учун хавфли даражада йиқилган йигит ҳамон Самарқанд тумани тез тиббий ёрдам бўлимининг реанимация хонасида. Ҳали унга бош мия билан боғлиқ муолажалар амалга оширилиши керак, мана неча кундирки, йигит ҳозирча ўзига келгани йўқ…

Самарқанд тумани тиббиёт муассасаларига ташкил этилган пресс-тур туман тиббиёт бирлашмасининг энг оғир ва шу билан бирга қайноқ нуқтасидан бошланди.

Вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари туманнинг асосий шифохонасидаги шароитлар билан танишар экан, кўпроқ қайси касалликлар авж олаётгани-ю, қайсилари камаяётгани, кимларга кўпроқ шошилинч ёрдам кўрсатилаётгани каби фактларга эга бўлдилар.

Тоғ чўққисига чиқаман деб...

- Афсуски, айнан баҳор, ёз ойлари тоғдан йиқилиш оқибатида турли жароҳатлар олиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ учрайди, - дейди туман тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Улуғбек Каримов. - Шунингдек, эҳтимол, тоғли ҳудудларимиз кўп бўлгани учунми, илон, чаён чақиш ҳолатлари, қолаверса, катта трасса мавжуд бўлгани учун автоаҳалокатлар оқибатида жароҳат олган беморлар келиши кўпроқ учрайди. Шундай пайтлари битта қалтис ҳаракат, биргина бепарволик инсон тақдирини сонияларда ўзгартириб юбориши мумкинлигидан афсус қилади одам. Гап шундаки, улар орасида бу автоҳалокатдан кейин бир умр ногирон бўлиб қолганлари ҳам бўлади. Аммо баъзида мўъжизалар ҳам содир бўлади. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, ўтган йиллар нафақат ҳалокатга учраган, балки ундан кейин устидан иккита машина ўтиб кетган, унинг аҳволини кўрган одам, нафақат соғайиб кетишига, балки аравачада бўлса-да, тирик қолишига ишонмаган ҳолатда бир беморни олиб келишди. Кўриниши ва жароҳатлари жуда қўрқинчли бўлган қашқадарёлик беморга зудлик билан ёрдам кўрсатилди, муолажалар амалга оширилди. Ойлаб реанимация бўлимида даволанганидан сўнг соғайиб, уйига кетди. Бу кун беморнинг нафақат оила аъзолари, балки биз тиббиёт ходимлари ҳам байрам  бўлди. Шу инсон ҳанузгача Қашқадарёдан шифохонамизга келиб, ўша кунни эслаб, бизга раҳмат айтиб кетади. Қайта туғилган куним, деб кўзлари ёшланади.

Уч тумандан бири

Туман тиббиёт бирлашмасида вилоятдаги бор-йўғи учта туманда мавжуд лапороскопия ускунаси мавжуд. Ушбу ускуна орқали мана бир неча йилдирки, беморлар тиғсиз, халқ тили билан айтганда лазер усулида йилига юзлаб операциялар амалга оширилмоқда.

- Анъанавий жарроҳликдан кўра, ушбу операция инсонга кам жароҳат етказиши билан самаралидир, - дейди жарроҳ Зафар Ҳодиев. – Шунингдек, ушбу асбоб билан турли диагностик амалларни ҳам ўтказиш имкони мавжуд. Ушбу асбобда ишлаш учун иккита шифокорлар қаторида пойтахтдаги тиббиёт муассасасида олти ой таҳсил олдик, амалий жараёнлар билан танишдик. Инсон танасидаги ҳужайраларни 20 маротаба катталаштириб кўрсатиш имконига эга ушбу асбоб орқали амалга оширилган жарроҳлик амалиётларидан сўнг беморлар қисқа фурсатда нормал ҳаётга қайтиши эътиборлидир.

Шунингдек, тадбир давомида тиббиёт бирлашмасида бу каби барча шифо масканларида ҳам мавжуд бўлмаган замонавий рентген, маммография ускуналар касалликларни эрта аниқлаш, беморларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилаётир.

- Тиббиётда олдинги йиллардагига нисбатан сезиларли тарзда ўзгаришлар содир бўлди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Замира Мамирова. – Замонавий ускуналар туфайли вилоят марказига боришга эҳтиёж камаймоқда. Икки нафар шифокоримиз Россия давлатида малака оширди.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам бўлимига ажратилаётган дори-дармонлар миқдори ҳам 90 фоиздан ошгани қувонарлидир.

2021 йилнинг биринчи чораги давомида тез тиббий ёрдам бўлимига жами 26 238 та мурожаат бўлган, 25 417 та тез тиббий ёрдам кўрсатилган, ҳар бир тез тиббий ёрдам чақириғига ўртача миқдорда 5 924,32 сўмдан тўғри келмоқда.

«Еган таомим билан нима ишингиз бор?»

Пресс-тур давомида журналистлар тумандаги энг йирик, 34-сон оилавий поликлиникаси фаолияти билан ҳам танишди. 11 маҳалла, 47 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи ушбу поликлиника бошқа ҳудудлар сингари яқиндагина аҳолисини тўлиқ хатловдан ўтказди.

- Хатлов натижаларига кўра, 30 фоиз аҳоли соғлом, саломатлигига эътиборли бўлса, 40 фоизида ортиқча вазни бор, нос, сигарет чекиш, алкоголь ичиш каби саломатликка зиён етказувчи зарарли одатларга эгадир, - дейди поликлиника мудираси Ҳусния Маҳмудова. - 27 фоизида эса сурункали хасталиклари бор ёки турли хасталикларни бошидан кечирган бўлса, 3 фоизи имконияти чекланган, соғайишига имкон бўлмаган аҳоли рўйхати шакллантирилди. Эндиликда оилавий шифокорлар ҳар бир гуруҳга мансуб аҳоли билан ишлаб, улар ўртасида тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Яхши биласиз, ортиқча вазн бугун кўп учраётган гипертония, юрак қон томир касалликларини келтириб чиқаради. Афсуски, бу ҳақда гапирсак “Қанча ва қачон таом ейишни ўзимиз биламиз, сизга нима?” дегувчиларнинг кўплиги бизни ташвишга солади.

Дарвоқе, туман аҳолисининг фақат 20 фоизга яқинигина соғлом, зарарли одатларсиз ҳаёт кечирмоқда.

Хатлов давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ўрта хавф гуруҳида 37 763 нафар аҳолини соғломлаштириш бўйича республикаси кўз микрохирургия ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази мутахассислари, вилоят кўз касалликлар шифохонаси, вилоят кардиология диспансери ва Самарқанд давлат тиббиёт институтининг акушерлик ва гинекология кафедраси мутахассислари билан биргаликда 4009 нафар аҳоли уйида тиббий кўрикдан ўтказилди, уларнинг 370 нафарига туман шифохонасига, 125 нафарига вилоят муассасаларига ва 1 нафари республика даволаш муассасаларига даволаниш бўйича тавсия берилди.

Касалликларни даволаш, олдини олиш бўйича анъаналарга содиқ ҳолда меҳнат қилаётган Самарқанд тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари барча шифокорлар сингари беморларни сифатли даволаш йўлида меҳнат қилишаётир. Аммо туманнинг 40 фоиз аҳолиси касалликка мойил ҳаёт кечириши нафақат шифокор, балки биринчи навбатда ҳали шифокорга иши тушмаса-да, аммо яқин йилларда унга мурожаат қилишга мажбур бўладиган одамларни ҳам ўйлантириши керак. 

Гулруҳ Мўминова,

Замира Болтаева (фото).