Режа ва дастурлар ҳаётий бўлса, уни амалга ошириш осон кечади

Мамлакатимизни 2021 йилгача ривожлантириш бўйича бош режамиз бор. Мана учинчи йилдирки Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар йил номидан келиб чиқиб қабул қилинаётган давлат дастурлари ва бошқа ҳужжатларда ўз аксини топиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бу дастурлар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонунчиликни янгилаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни жадалаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тинчлик-барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишларни ўз ичига олмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги фармони билан
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Эътиборли жиҳати, кейинги йилларда орттирилган ва амалда ўзини оқлаган тажриба туфайли бу йилги давлат дастури лойиҳаси ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

3-15 январь кунлари давом этган муҳокама жараёнида  http://2019.strategy.uz/ сайтида  аҳоли томонидан лойиҳа юзасидан 3650 дан ортиқ фикр-мулоҳаза, таклифлар билдирилди. Энг кўп муносабат дастур лойиҳасининг тўртинчи – ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида (992 та ) қайд этилган бўлса, энг ками бешинчи йўналиш – хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича (264 та) билдирилди.

Бундан ташқари, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, бизнес ҳамжамияти, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари  иштирокида давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ва мунозаралар ўтказилди.

Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилганда 253 банддан иборат эди. Муҳокама жараёнида тушган таклифлар, билдирилган мулоҳазалардан сўнг дастур янада такомиллаштирилди. Натижада 274 бандни ўзи ичига олган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур дастур 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг учинчи босқичи ҳисобланади. Давлат дастури тадбирларини амалга оширишнинг жами харажатлари 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ доллари этиб белгиланди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг 2019 йил 31 январдаги қарори билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш бўйича вилоятда амалга ошириладиган чора-тадирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастур 148 банддан иборат бўлиб, уни амалга ошириш учун 995,5 миллиард сўм ва 475,9 миллион АҚШ доллари йўналтирилиши белгиланди. 

Дастурда белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар вилоятимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилган. Айниқса, вилоятимизда инвестициявий муҳитни яхшилаш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларига хорижий инвестициялари кенг жалб этиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.

Бу вазифалар шунчаки кабинетда ўтириб, қоғоз тўлдириш учун ишлаб чиқилмаган, балки раҳбарлар, секторлар мутасаддилари, ҳокимлик ва бошқа давлат органларига аҳолининг мурожаатлари, хонадонма-хонадон юриш чоғида аниқланган муаммолар, туман, шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб киритилган.

Аслида ҳам ҳар бир режа, дастур ишлаб чиқилар экан, у кичик бир корхона, муассаса, ташкилот доирасида бўладими ёки мамлакат миқёсидами, аввало қайси мақсадга қаратилгани, натижаси қандай бўлиши эътиборга олиниши лозим. Уни тайёрлашда ҳамма иштирок этиши, ўз таклифини билдиргани маъқул. Чунки, ҳар биримиз қаерда, қайси вазифада ишламайлик аввало иш жойимиз, яшаб турган маҳалламизнинг эртанги куни, келажаги ҳақида ўйлаймиз, бунга ўзимизни дахлдор деб биламиз. Шу сабабли баъзан ошкора, баъзида ич-ичимизда “мана бу ишни қилсак, бундай натижага эришамиз, бу йўлимиз тўғри, буниси нотўғри” деб фикр билдирамиз, таклифларимизни айтамиз. Айни пайтда мана шу дахлдорлик ҳиссини мамлакат миқёсида англаб, ўз фикримизни, таклифимизни баён этиш сўралмоқда. Ва бу ўз самарасини ҳам бермоқда.

Муҳим давлат дастурлари, ҳатто қонунларнинг фақат маълум бир доирадаги инсонлар, раҳбарларнинг фикри асосида эмас, аввало халқнинг фикри инобатга олиниб қабул қилинаётгани, бу ҳужжатларнинг ҳаётийлигини таъминламоқда. Бу эса ўз навбатида уларнинг ижро этиш механизмларини ҳам соддалаштирмоқда. Эндиги гап ана шу ижро жараёнида ҳам кенг жамоатчиликнинг иштирок этишида, белгиланган вазифанинг бажарилишидан барчамизнинг манфаатдорлигимизни англашимизда.

Ғолиб ҲАСАНОВ.