Россиялик мутахассис СамВМИда асаларичиликнинг халқаро тажрибаларидан сабоқ бермоқда
Бугун дунёда табиий маҳсулотларга талаб ўта юқори. Асал - бу маҳсулотлар рейтингида энг юқори ўринни эгаллайди. Асаларичилик соҳасини ривожлантириш ва асал маҳсулотларини етиштиришга бўлган талаб ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимиз иқлим шароитининг қулайлиги соҳа ривожи учун муҳим омил ҳисобланади.
Бугун соҳада қандай муаммолар мавжуд? Қандай инновацион технологиялар жорий этилмоқда? Соҳа ривожи учун тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан қандай чора-тадбирлар амалиётга жорий этилиши керак?
Ўзбекистон Асаларичилари уюшмаси ташаббуси билан Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ташкил этилган ўқув-семинарда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Семинарда асаларичилик хўжаликлари мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда институтда мазкур йўналиш бўйича таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди.
Уюшма таклифига кўра, мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси асаларичилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Любов Савушкина, Ўзбекистон Асаларичилари уюшмаси раҳбари Шерали Суярқулов, СамВМИ ректори, профессор Худайназар Юнусов соҳада жорий этилаётган янгиликлар хусусида йиғилганларга маълумот берди.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда республикамизнинг 14 мингдан ортиқ асаларичилик субъектларида 900 мингдан ортиқ асалари оилалари парвариш қилинади. Асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари йилдан-йилга ортиб, асални қайта ишлашда замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Эндиликда, соҳани саноатлаштириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан кенг фойдаланиш талаб этилади.
Тажрибалардан маълум бўлдики, қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар кўмагида чанглатиш орқали ҳосилдорликни ошириш мумкин. Ўтган йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Жомбой туманларида 1500 гектар боғларда шу усул қўлланилди ва ҳосилдорлик юқори кўрсаткичларда қайд этилди. Қолаверса, бу усул олинадиган асал сифатига ҳам ижобий таъсир ўтказиши исботланди.
Россиялик мутахассис асалари парвариши, асалари оилаларида олиб бориладиган профилактик тадбирлар, касалликлар билан курашиш йўллари тўғрисидаги янги усулларга оид тажрибаларини ҳам ўртоқлашди.
Семинар ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.