Румий ҳақида нималарни биламиз?
Кўнияга қилган сафаримизнинг асосий мақсади – Мавлоно Жалолиддин Румийнинг зиёрати эди ва бугун озгина Мавлоно ҳақида суҳбатлашамиз.
Жалолиддин Румий ўзбекми?
Ҳа, у онаси томонидан Хоразмшоҳнинг набираси. Балх ўша пайтда Хоразмшоҳ тасарруфида бўлган. Шуни назарда тутсак, у бизнинг бобомиз. Аммо Балх бугун Афғонистонга тегишли эканини назарда тутсак, Румийни ўзларининг бобоси ҳисоблайдиган афғонлар ҳам ҳақ.
Ота томонидан Жалолиддин Румийнинг шажараси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб етишини эътиборга олсак, миллати араб бўлади. Умрининг катта қисми Туркияда ўтгани, қолаверса, Туркияда мангу ётганлари эътиборга олинса, Румийни бизники деяётган турклар, Румий аксарият асарларини форс тилида ёзганини эътиборга олсак, уни ўзиники ҳисоблайдиган форслар ҳам ҳақ. Айрим асарларини юнон тилида ёзганини эътиборга олсак, греклар ҳам Румийни бизники дейишлари асло ғалати эмас. Тахаллуслари Румий экани юзасидан Рим аҳли, яъни итальянларга ҳам Румий ҳазратлари бегона эмас.
Хуллас, Жалолиддин ҳаммамизники! Барча миллатлар учун баб-баравар тегишли. Худди Қуёш ҳаммага бирдек тегишли бўлгани каби!
Улуғ сафар
Жалолиддин Румий 1207 йилнинг 30 сентябрида ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида, Султонул уламо, яъни Уламолар Султони унвонини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. У чориёрлардан Абу Бакр Сиддиқ зурриёдларидандир. Баҳоуддин Валад Муҳаммад Хоразмшоҳ билан келиша олмай, оиласи, муридларини олиб, 1219 йил қишида Балхдан чиқиб кетади. Баҳоуддин Валад Нишопурда бир оз тўхтаб, авлиёлар султони Фаридуддин Аттор билан учрашади. 12 яшарлик Жалолиддин устози Атторни кўради ва унинг суҳбатига муяссар бўлади. Аттор Жалолиддинга ўзининг “Асрорнома” китобини туҳфа қилади.
Баҳоуддин Валад Макка сафаридан сўнг Кўния шаҳрига келади. Уни ёш авлодга илм бериши учун таклиф қилган Салжуқийлар султони Оловуддин Қайқубод Уламолар Султонини ўз яқинлари билан биргаликда Кўния ташқарисига чиқиб кутиб олади. Баҳоуддинга Кўния шаҳри маъқул бўлади ва Жалолиддинга шаҳарни кўрсата туриб: “Ўғлим, бу шаҳарда яшаш сенга, набираларимга, набираларимнинг набираларига насиб қилсин. Ўз қалъангни хайрли, эзгу, савоб ишлардан қургин. Оламда ушбу қалъадан мустаҳкамроғи бўлмайди”, деб насиҳат қилади. Жалолиддин ота юртига қайтиб келмади ва ўзини онадўлилик ҳисоблаб, Румий деган тахаллус олди.
Қизиқ бир далил. Румий тахаллуси Рум давлати номидан олинган деймиз, аммо у ерда бир нарсани айтишди: Рум сўзининг абжад ҳисоби 256 га тенг ва бу “Нур” сўзи маъносига мос келар экан. Араб, эрон ва ўзбек тилларида бу “ёруғлик” сўзи маъносини беради. Румийнинг ҳаётида бурилиш ясаган устозининг исми Шамсиддин эканини, у ўзидаги ёруғликни Жалолиддинга “кўчириб ўтказганини” инобатга олсак, бу далилда жон бордек.
Мавлоно Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган “Девони кабир”да уч мингдан ортиқ шеър бор. “Маснавийи маънавий” ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари, “Мактубот”, “Ичиндаги - ичиндадир” асарлари мавжуд. Улар жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган.
Жалолиддин Румий одамни тадқиқ этади, унинг табиати ва интилишларини кузатади, ботиний жилолар ва сурилишлар, қалб силжишларини қидириб топади. Инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида нуқсонлари – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларини таҳлил этиб, булардан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатини баён этади.
Румийнинг ҳар бир фикри – бир машъала, бир чироқ, шундоққина қалбга қўйиладиган зиёдир. Румий исломнинг буюк шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазҳаблардинлардан юқори кўтарила олди, бани-башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди: “Йўллар мухталиф, аммо мақсад бир, яъни Аллоҳ ҳузури”, дея Улуғ Тангри ҳақиқати олдида жами махлуқот баробарлигини исботлади.
Фалсафани Гегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нитшче ва Фрейддан ўрганган кишилар “Фиҳи мо фиҳий”ни ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан-ку, ҳаммаси айтилган эканку, дейишлари табиий. Ҳа, Румий ҳали кашф этилмаган тафаккур хазинаси, бизга етиб келмаган маънолар уммони.
Румийнинг “Маснавийи маънавий” Қурон ва Ҳадис маъноларини ўзида сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду-насиҳатларни жам қилган.
Мавлоно Жалолиддин Румий мусулмон оламининг улуғ шоири сифатида ҳам бениҳоя қадрланади. У форс, араб, юнон ва турк тилларини мукаммал билган.
Румийнинг пири ҳам “ўзимиздан”
Термизлик Саид Бурҳониддин Кўнияга келиб, Жалолиддинга пирлик қилади. Энг аввал Жалолиддиндаги кибру-ҳавони ўлдириш учун уни ҳар куни кишилар хизматига чиқиб, уларнинг ҳожатхоналарини, тўкиндихоналарини тозалаш каби ишларни бажаришга буюради. Ушбу ишларни бажариб қайтган Жалолиддин тонг отгунча ибодатда бўлади, отасининг “Маориф” китобини ўқийди. Саид Бурҳониддиннинг талаби билан ушбу китобни 101 маротаба ўқиб чиқади. Бироз вақт ўтгач, Саид Бурҳониддин Жалолиддиндан шаҳарда юриб, одамларнинг уйига бориб, садақа сўрашни ҳам талаб қилади. “Билиб қўй, қалбни тозалаш ахлатхоналарни тозалашдан кўра мураккаброқдир”, деб ўгит беради.
Шу каби оғир синовлар билан муридлар учун одатда талаб қилинадиган 1001 кун ниҳоясига етади. Синовларни талаб даражасида бажарган Жалолиддинни устози бағрига босади ва унга орифлар либосини кийдириб, фотиҳа беради.
Маълумот учун: Саид Бурхониддин Соғаржий ҳазратларининг қабри Самарқандда. Мақбарани эса у зотни ўзига ғойибона пир тутган Амир Темур ҳазратлари қурдирган.
Икки қуёш учрашуви
Шу зайл Жалолиддин Кўниянинг энг машҳур, энг севимли зоҳиди ва сўфий хатибларидан бирига айланади. У ўз даврида ақл билан етишиш мумкин бўлган барча нарсаларни билар эди. Лекин юрагида бир изтироб бор эди. У нима қилиш кераклигини билмас, жуда маъюс эди.
1244 йилнинг кеч кузида ўзининг ҳаётида туб бурилиш ясаган устози, Шамсиддин Табризий билан учрашади. Янги дўстлар суҳбати уч ой давом этади ва шундан сўнг оламга бутунлай янги бир Жалолиддин кириб келгандек бўлади.
Жалолиддиннинг маъюс ҳаёти барҳам топади. Унинг ўрнига мусиқа, рақс, шеърият кириб келади. Шамсиддин Табризий Жалолиддинни шоир Румийга айлантиради. Румий 1248 йилдан бошлаб, Табризий вафотидан сўнг ўз ғазалларини Шамсиддин Табризий тахаллуси билан ёза бошлайди.
Кўнияга мўғул лашкарлари хавф солиб келар, кўнияликларнинг умид кўзи мавлоно Румийга тикилган эди. Бўлажак даҳшатлар қаршисида чуқур ўйга чўмган Мавлоно кечки пайт Кўниянинг шарқий дарвозаси орқали шаҳар ташқарисига чиқиб кетади ва бир тепалик устида ёлғиз ўзи тонг отгунча Аллоҳга нола қилиб, элни мўғул фалокатидан асрашни илтижо қилиб сўрайди. Шу куни эрта тонгда, Кўния халқи кўрсаки, мўғул ҳоқони Илхон Хулагу юборган Байжу бошчилигидаги мўғул аскарларидан ном-нишон ҳам қолмабди…
Шундай кароматлар соҳиби, қадим Турон юртининг улуғ фарзанди, буюк файласуф, шоири аъзам Жалолиддин Румийдан инсониятга қолган улкан ва бебаҳо маънавий хазинанинг қиммати асрлардан асрларга ошиб, ҳамон қанчадан-қанча кўнгилларни ўз нури билан ёритиб келмоқда.
“Қуёш – ҳамманинг мулки!”
Мавлоно Румий 1273 йил 17 декабрда Туркиянинг Кўния шаҳрида вафот этган ва отаси Баҳоуддин Валаднинг бош тарафига дафн этилган. (Қабрининг бош тарафи баланд бўлиб, қийшиқ туришини турклар шундай шарҳлашди: отасининг бошига дафн қилишганидан кейин “Отамга оёқ узатиб ётмайман” деб ўринларидан турган эмиш ва қабр шу кўринишга келиб қолган эмиш.)
Мавлонони дафн этар кунда турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар – ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди. Орада фақиҳлардан бири Муниниддин Парвонага: “Ўз шайхини дафн этаётган мўминлар ичра насроний ва яҳудийлар не қилур?” деб уларни ҳайдашни сўради. Бироқ бу бефойда эди. “Қуёш Ер юзини ёритганидек, Мавлоно ҳақиқат нури ила бутун башариятни мунаввар этмиш. Қуёш – ҳамманинг мулки!” деди насронийлар руҳонийси. “Мавлоно – нон кабидирлар. Нон ҳаммага зарур. Амирим, очларнинг нондан юз ўгириб кетганини қайда кўргансиз?” деди яҳудийлар раввини.
Мавлоно Румий - ана шундай умумбашарий зот.
Румийнинг қабри устида ҳўнграб йиғлаётган бир насронийдан “Нега мусулмонлар шоири қабрида кўз ёш тўкяпсан?”, деб сўраганларида “Биз уни давримизнинг Мусоси, Довуди ва Исоси каби муқаддас биламиз. Барчамиз унинг издошлари ва шогирдларимиз”, деб жавоб берган экан. Насоро ва яҳудийлар ҳам Румийни муаллим, деб билишган.
Ҳа, Жалолиддин Румий Қуёш каби ҳаммамизники!
Каримберди ТЎРАМУРОД,
Кўниядан Zarnews.uz сайти учун махсус.