Рустам Қобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари: Шифокорлар орасида онасининг жанозасига боролмаганлари бор
Нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Бу кунларда ҳар бир мамлакат касаллик билан курашиш бўйича ўз стратегиясини ишлаб чиқди, чора-тадбирлар белгилади. Мамлакатимизда вирусга қарши саъй-ҳаракатлар у ҳали кириб келмасиданоқ бошланган эди.
Самарқандда ҳам республика миқёсида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси тизимли тарзда йўлга қўйилди. Карантин ҳудудларини белгилашдан тортиб, унга олинганларга хизмат кўрсатиш, тиббий ёрдам ва бошқа барча жиҳатлар вилоят ҳокимининг назорати остида, аниқ тартиб билан амалга оширилди. Юртдошларимизнинг бу балони енгиб ўтишда бирдамлик, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилгани кўнгилга таскин беради. Коронавирусга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш, карантинга олинганлар аҳволидан хабардор бўлиш каби ишларда минглаб самарқандликлар ўз вазифасини астойдил амалга оширди. Айниқса, бу қийин дамларда шифокорларнинг хизматини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хабарингиз бор, карантиндаги аҳолига, вирусга чалинган беморларга қаровчи шифокорлар ўша ҳудуддан чиқиши мумкин эмас. 14 кун иш фаолият олиб борса, яна 14 кун ўз хафвсизлиги нуқтаи назаридан алоҳида ҳудудда яшаши керак. Шундай пайтлари оиласида қандай вазият бўлмасин, у ердан чиқолмаган мутахассисларни кўрдим. Иш жараёнида бўлган бир шифокорнинг онаси вафот этди, у онасининг жанозасида қатнаша олмади. Буни айтиш осон, лекин ўша шифокорнинг аҳволини ҳаммамиз тасаввур қилиб кўришимиз керак. Яна ўнлаб шундай ҳолатлар, вазиятлар борки, кишининг кўнглини эзади. Қувонарли томони шундаки, мутахассислар бу вазиятда босиқлик билан иш кўришди, ўзгаларнинг саломатлигига масъулликнинг юқори чўққисини намоён қилишди. Лабораторияларда тўғридан-тўғри ишлаётган мутахассислар ва бошқа тиббиёт ходимлари ҳам, аввало, ўз вазифасини астойдил амалга оширдилар. Бундай вазиятда хусусий клиникаларнинг ҳам қараб турмагани, ёрдамга шошилганини қадрлаймиз, албатта.
Ушбу таҳликали кунларда ички ишлар, миллий гвардия ходимлари, ҳарбийларнинг хизмати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.
Бугун ҳар биримиз бу инсонларнинг хизматини чуқур ҳис этган ҳолда ўз соғлигимизни авайлашимиз, қоидаларга қатъий амал қилишимиз зарур.