Саҳнада Маҳмудхўжа Беҳбудий

Хабар берганимиздек, вилоят мусиқали драма театрида ёзувчи ва драматург Фармон Тошев қаламига мансуб “Маҳмудхўжа Беҳбудий” драмасининг премьераси бўлиб ўтди.

Тарихий ҳужжатларга кўра, мамлакатимиздаги илк спектакль - “Падаркуш” Самарқандда намойиш этилган. 1914 йилнинг 15 январида, айни дамда Беҳбудий уй-музейи сифатида фойдаланилаётган бинода қўйилган театрга 400 киши ташриф буюради.

Манбаларда айтилишича, ташқарида яна 300 киши спектаклни кўриш илинжида келиб, томошагоҳга сиғмай қолади.

Ҳа, Беҳбудий биринчи ўзбек драмасининг муаллифи бўлибгина қолмай, уни саҳналаштириш жараёнида режиссёр сифатида ҳам иштирок этган.

“Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам, малоҳатини ҳам кўра олсин”.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. “Падаркуш” драмаси шу тариқа майдонга келди. Ушбу воқеани ўша пайтдаги миллий матбуот тарихий кун сифатида эътироф этади.

Айтиш керакки, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида ҳам мана шундай тарихий кун сифатида эътироф этиладиган воқелик содир бўлди. Узоқ йиллар миллат ойдинлари – жадидлар ҳаёти, фаолияти олимлар томонидан ўрганилган бўлса-да, аммо сиймоси саҳналарда гавдалантирилмаган эди.

Кейинги йилларда жадидчилик ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилиши, уларнинг миллат уйғоқлигию дунёвий илм эгаллаши, мураккаб давр бўлишига қарамай, янги мактаблар ташкил этиб,  газета-журналларга асос солиши бот-бот тилган олинмоқда. “Жадид” газетасининг ташкил этилиши, иқтидорли ўқувчилар учун очилган мактабларнинг жадид боболаримиз номи билан аталиши, улар ижодининг чуқур ўрганилиши шу ишларнинг узвий бир қисмидир. Ўтган йили “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори эълон қилиниши эса бу эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.

Вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев қаламига мансуб “Маҳмудхўжа Беҳбудий” драмасининг премьераси бўлиб ўтди. Режиссёр Фарҳод Бойназаров, саҳналаштирувчи рассом Баҳром Сафоев ва бир гуруҳ театр ижодкорларининг заҳматли меҳнати асосида юзага келган мазкур спектаклни жамоатчилик қизғин кутиб олди. Спектаклда бош ролни ижро этган маҳоратли актёр Лазиз Маматқулов, шу театрнинг забардаст актёрлари Бахтиёр Раҳимов, Абдулазиз Тоштемиров, Хуршид Баратов ва бошқа ижодкорларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Саҳна спектакль қаҳрамонининг ўқ овозларидан ёшлигидаги қўрқув билан бугун, ўз мактабу, дарсликларини, газеталарини чоп этган  бир миллат зиёлиси сифатида қўрқувлари баёнидан бошланади. Ўша таҳликали, шўролар мамлакатни босқинчилик, тарғибот, миллат ойдинларини қатағон қилиш каби минглаб усуллар билан эгаллаб олаётган бир пайтда “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журналига асос солиб, одамларни илмга, ўзлигини йўқотмаслик, мамлакатни ёт қўлларга бериб қўймасликка даъват этган, болалар учун дарсликлар ёзган миллат фидойисининг ҳар қадами ўлчовли эди.

Спектакль давомида мана шу жараёнлар маҳорат билан ижро этилган, актёрлар ўша давр миллатпарварлари, Беҳбудий замондошлари ва ҳамфикрлари бўлмиш Ҳожи Муиин, Шакурий, Саидризо Ализода, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов қиёфаларини ҳам маҳорат билан акс эттирган. Беҳбудийнинг йирик йиғинларда чиқиб, думага сайланганлар орасида маҳаллий вакилларнинг деярли йўқлигини ташвиш билан айтиши бугун учун оддий ҳолдир, аммо миллат манфаати ифода этилган ҳар бир сўз таъқиб этилаётган даврда бу улкан қаҳрамонлик эди!

Спектакль давомида махсус эффектлар ёрдамида ўйинлар, замонавий қурилмалар остидаги монологлар ижро этилиши асарнинг кўришлилигини янада оширган. Айниқса, спектакль якунида Беҳбудийнинг сафар аввалида оила аъзолари билан хайрлашиш саҳнаси жуда таъсирли чиққан. Фарзанду, оиласи билан кўзбойлоғич ўйини ўйнаб, қаҳрамоннинг йўқолиб қолишида қатор рамзий маънолар бор эди. Чунки сўнгги сафаридан қайтмаган Беҳбудий бу билан энди буёғига менинг йўқлигимга кўникинглар, деганмикан? Ёки миллатга қарата энди буёғига кўп нарсаларга кўз юмиб ўтишга мажбурсизлар, акс ҳолда омонлик йўқ, деганимикан?

Хуллас, бу саволларга спектаклни кўрган томошабин ўзи жавоб топиши тайин. Дарвоқе, премьерада вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Спектаклни томоша қиларканман, 1914 йилда Самарқандда рўй берган воқеа, 300 нафарга яқин самарқандлик театрга ташриф буюриб, чипта ва жой тополмагани ёдимга тушди. Бугун театрларимиз катта майдонни эгаллаган, аммо миллат фидойиси сиймосини кўриш учун яна шу ҳол такрорланармикан, нима деб ўйлайсиз?

Гулруҳ МЎМИНОВА.