Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Самарқанд 2020” II Халқаро олимпиадаси бошланди

Тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари ўртасида иккинчи маротаба ўтказилаётган мазкур халқаро олимпиада турли мамлакатлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларини ўзаро бирлаштириб, тиббиётда клиник ва фундаментал фанларнинг турли йўналишлари бўйича билимларни оммалаштиришга хизмат қилади.

Икки кун давом этадиган Халқаро олимпиадада Самарқанд давлат тиббиёт институти талабалари ҳамда ёш олимлар учун маҳорат дарслари, жамоаларнинг ижодий чиқиш ва ишларининг танлови режалаштирилган.

Олимпиада ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилмоқда. Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Беларусь, Туркия давлатларининг 300 га яқин талаба офлайн тарзда, 2 мингга яқин иштирокчи онлайн тарзда қатнашмоқда. Шунингдек, олимпиадада 32 ОТМдан 32 жамоанинг билимлар беллашуви ўтказилди. Иштирокчиларнинг ижодий ишлари ва танловлари хорижий мамлакатларнинг тиббиёт соҳаси мутахассислари, профессор-ўқитувчилардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Халқаро олимпиада турли мамлакатлар талабаларини бирлаштириш ва маданиятлараро профессионал мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қодир эканлигини исботлади.