Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 45 нафар абитуриентни грант асосида ўқитади
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти бугун абитуриентлар билан гавжум. Улар олийгоҳга кириш бўйича бўлиб ўтадиган тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтмоқда.
– Янги ўқув йилидан мазкур олийгоҳда бакалаврлар тайёрлаш бўйича таҳсил олиш истагида бўлган абитуриентлар 10 та йўналишдан бирини танлаб рўйхатдан ўтмоқда, – дейди институт қабул комиссияси масъул котиби И.Шодмонов. Шу билан бирга магистрлар тайёрлаш учун учта мутахассислик бўйича 9 та йўналишга қабул қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, сиртқи таълим шаклида ўқишни давом эттирмоқчи бўлган абитуриентлар учун 3 та йўналиш бўйича 75 та ўринга қабул қилиш белгиланган. Шу таълим шакли ва магистрлар тайёрлаш бўйича қабул жорий йилнинг 1 июлидан бошланади.
Дарвоқе, бакалаврлар тайёрлаш бўйича ўтган ўқув йилида мавжуд бўлган касб таълими: бухгалтерия ҳисоби ва аудит, касб таълими: иқтисодиёт, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда туризм(халқаро ва ички туризм) каби тўртта йўналиш бекор қилинди. Улар ўрнига жорий йилдан бошлаб талаб даражасига биноан меҳнат иқтисодиёти ва социологияси ҳамда аҳоли ва туристларнинг овқатланишини ташкил этиш сервиси йўналишларига қабул қилиш бошланди.
Институтга 2019-2020 ўқув йилида бакалаврлар тайёрлаш бўйича грант асосида 45 нафар ҳамда тўлов-контрактга 430 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. Магистрлар тайёрлаш учун эса 9 нафар грант ва 67 нафар хоҳловчи тўлов-контракт асосида ўқийди.
– Иқтисодиёт факультети менежмент йўналишида ўқишни орзу қилардим ва бугун шу йўналишда ўқиш орзуси билан рўйхатдан ўтдим, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Лазиза Жамшедова. – Олдинги йили ҳам шу йўналишга ҳужжат топшириб, омадимни синаб кўрган эдим. Бироқ ўқишга кириш насиб этмади. Шундай бўлсада-да, билим олишдан, изланишдан чекинмадим ва мақсадни аниқ қўйиб, ўқишга кириш учун тайёрландим. Ўйлайманки, шу йил олган билимларим ўз самарасини кўрсатади ва талаба бўлиш бахтига эришаман.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни пайтда олийгоҳнинг иқтисодиёт ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишларига кўплаб абитуриентлар қизиқиш билдирмоқда.