Самарқанд олималари инновацион ғоялари ва янги ихтироларини намойиш этди
Самарқанд вилояти “Олима” аёллар уюшмасининг “Энг яхши инновацион лойиҳа” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўтказилган тадбирда вилоятимизнинг олий таълим муассасаларининг хотин-қизлари орасидан 100 дан ортиқ иқтидор эгалари иштирок этиб, ўзларининг илмий янгиликларини тақдим этдилар. Олима ва тадқиқотчи аёллар 10 йўналишдаги номинацияларда, талаба қизлар эса 4 йўналишдаги номинацияларда ўзаро беллашди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Раҳмонова иштирок этди ва хотин-қизларни олий таълимга кўпроқ қамраб олиш, уларнинг илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз сиёсатининг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.
Кўрик-танловда энг иқтидорлар ғолиб бўлди, моддий ва маънавий рағбатлантирилди. Хусусан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ўқитувчиси, техника фанлари фалсафа доктори Шаҳноза Абдуғаниева “Энг яхши ихтиро муаллифи” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.