Самарқанд шаҳри кўчаларида байрам шукуҳи сезила бошлади

Яна саноқли кунлардан сўнг мустақиллигимизнинг 28 йиллиги нишонланади. Шу қутлуғ айём арафасида Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали, “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро анжуман ҳамда “Ўзбекистон - буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мерос ҳафталиги каби нуфузли тадбирлар бўлиб ўтади.

Шаҳар кўчаларида байрам шукуҳи сезилмаётганидан қувончли кунларни интизорлик билан кутаётган Самарқанд аҳлининг кайфияти бир оз тушкун эди. Мана бугундан бошлаб кўҳна кент байрамона безатила бошланди. Шаҳарнинг марказий кўчаларига турфа рангдаги байроқлар, Мустақиллик байрами ҳамда  “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали шукуҳидан дарак берувчи суратлар акс этган панолар ўрнатила бошланди. Кўча-куйда одамлар орасида, “Ана, байрам шукуҳи сезила бошлади”, деган сўзлар қулоққа чалинмоқда.

Тўлқин Сиддиқов.