Самарқанд шаҳрида имконияти чеклансада, истеъдоди чекланмаган ёшлар тақдирланди
Ҳа, бу оддий танлов эмас. Унда имконияти чекланган бўлса-да қўлига, оёғига қалам олиб дунёни бор рангларини қоғозга туширган рассомнинг, тўқувчининг, қўғирчоқ ясовчининг чинакам истеъдоди намоён.
Самарқанд шаҳар «Баркамол авлод» марказида ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ўтказилган “Ватан - менинг нигоҳларимда!” кўрик танловининг вилоят босқичида мана шундай матонат эгаларининг ҳақиқий санъат асарига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар қалб кечинмаларини, Ватан мадҳини, манзараларини шундай гўзаллик билан ифода этганки, кўрган киши ҳайратланмай қолмайди.
- Рассом кимгадир айта олмаган ҳақиқатларини, сирларини, дардларини турли бўёқлар орқали чизган суратларида ошкор этади, - дейди танлов ғолиби Озодбек Раҳматов. – Баъзан расм чизиб инсон маънавий озуқа олади. Бу каби танловлар бизларни руҳлантириб, ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга, янги-янги ғоялар акс этган суратлар чизишга ундайди.
Имконияти чекланган истеъдодли ёшларни излаб топиш, янги умидли ижодкорларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Танловда 16 та шаҳар ва туманларда ғолиб бўлган 7-14 ёшгача 31 нафар, 14-30 ёшгача 43 нафар истеъдодли ўғил-қизлар тасвирий санъат, тўқиш, қўғирчоқ ясаш, ҳунармандчилик йўналишларида ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Ғолиблар “Имконияти чекланган ёшлар ва болалар” марказининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.