Самарқанд шаҳрида коммунал тўловларни ўз вақтида амалга оширган хонадон эгаси МИБ томонидан тақдирланди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари томонидан тўлов интизоми паст бўлган хонадон ҳамда маҳаллаларда тарғибот ишлари олиб бормоқда. Мазкур тадбирлар давомида аҳолига ҳар бир истеъмол қилинаётган табиий ресурсларимиз ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун белгиланган тўловлар вақтида амалга оширилиши муҳим экани, агарда бунга масъулиятсизлик билан эътибор берилмаса қарздорлик ошиб хонадон тармоқдан узиб қўйилиши алоҳида таъкидланмоқда.

Қувонарли жиҳати, истеъмолчилар орасида мазкур тўловларни ўз вақтида амалга ошираётган фуқароларимизнинг сони тобора ошиб бормоқда. Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси коммунал тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаётган намунали истеъмолчиларни тақдирлаш тадбирлари ўтказиб келмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд шаҳрининг “Дўстлик”, “Ҳунармандлар”, “Бешчинор”, “Геологлар”, “Тадбиркорлар”, “Ҳумо”, “Сайҳун”, “Ҳамид Олимжон” каби маҳаллаларида фуқаролар электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тўловларини ўз вақтида тўлаб, тўлов интизомига риоя этиб келаётганликлари боис бу маҳалла раисларига Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ташаккурномалар топширилди.

Истеъмолчилар орасида мазкур тўловларни ўз вақтида амалга ошираётган фуқароларимизнинг сони тобора ошиб бормоқда. Шаҳарнинг “Фурқат” маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Узоқов томонидан фойдаланилган электр энергияси, табиий газ ҳамда ичимлик суви учун тўловлар ўз вақтида ойма-ой тўлаб бориши аниқланди.

Истеъмолчи Алишер Узоқов тўловларни ўз вақтида амалга оширганлиги муносабати билан, энг намунали истеъмолчи сифатида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, коммунал хизматлар қадри бемисл. Шунинг учун уларга ўз вақтида тўлов қилиб бориш шарт. Шундагина турмушимиз янада фаровон, ҳаётимиз тўкис бўлаверади. Бу каби тарғибот тадбирлари давом этмоқда.          

Мажбурий ижро бюроси

Самарқанд вилоят бошқармаси.