Самарқанд шаҳридаги марказий кўчаларда йирик қурилиш-таъмирлаш ишларининг сўнгги босқичи давом этмоқда

Мазкур қурилиш, ободонлаштириш ишлари қарийб икки ойдан буён давом этмоқда. Ҳозиргача шаҳар ичидаги 70 километр автомобиль йўллари таъмирланди. Йўл ёқаларини кўкаламзорлаштириш мақсадида 54 минг донадан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Шунингдек, Бўстонсарой, Рудакий, Садриддин Айний, Регистон, Панжакент кўчаларида ҳам тўлиқ асфальт ётқизилиб, “Баҳор гуллари” МЧЖ ишчилари томонидан йўл ёқаларига анвойи гуллар экилди.

Муҳитга мослашмай, қуриб қолган дарахт кўчатлари янгиланмоқда. Наманган шаҳридан келтирилган 20 минг тупдан зиёд гул кўчатлари Университет хиёбони, Регистон майдони, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи атрофига экилди.

- Шаҳарнинг Сўзангарон, Гулобод, Мирзо Улуғбек кўчаларида, шунингдек, Спитамен шоҳкўчаси, Шоҳи Зинда кўчаларига асфальт ётқизиш ишлари якунланди, - дейди вилоят автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбар Мирзаев. - Шаҳар бўйлаб 180 километр пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилиб ва қарийб 3 минг донага яқин тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, янги лойиҳа асосида қурилган Уста Умар Жўрақулов кўчаси орқали узунлиги 670 погонометр замонавий монолит темирбетон йўл ўтказгич, Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи автомобиль йўлидан кесиб ўтувчи Оқдарё дарёси устидан ўтувчи узунлиги 130 погонометр бўлган янги кўприк қурилди.

Айни вақтда яна 30 километрга яқин автомобиль йўлларида йўл инфратузилмасини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.