Самарқанд туманида қимматбаҳо чинор дарахти ноқонуний равишда кесилди

Самарқанд туманида жойлашган Сулфакабутак маҳалласининг Сулфакабутак ва Х.Ғиёсов кўчалари кесишган қисмида, яъни чойхона бурчагида 2021 йил 7 февраль куни 1 туп қимматбаҳо чинор дарахти кесилгани ҳақидаги хабар юзасидан  экологик рейд ўтказилди.

Чинор дарахти кесилган манзилга Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти партия ташкилоти ходимлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари келиб, ҳақиқатан ҳам 1 туп чинор дарахти тагидан кесилгани ва тўнкаси илдизи билан ковлаб олиб ташланганига гувоҳ бўлди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ушбу чинор дарахти кўчани кенгайтириш мақсадида туман автойўл корхонаси бошлиғи С.Алиев ва бошқа масъуллар топшириғига асосан ноқонуний тарзда кесиб ташланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 февралдаги 6155-сонли фармони 24-банди, б-қисмига мувофиқ, республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланди.

шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси ноқонуний равишда қимматбаҳо чинор дарахтини кесган шахсларга ва топшириқ берган масъулларга тегишли қонуний чора кўрилишини,  кесилган дарахт ўрнига компенсация тариқасида 100 туп кўчат экилишини таъминланишини сўрайди.

Н.Обломуродов,

Ўзбекистон Экологик партияси

Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси.