Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятида 18 та касб-ҳунар коллежи техникумга айлантирилади

Ҳар томонлама ривожланаётган юртимизда кадрларга бўлган талаб йилдан-йилга ошмоқда. Жойларда ишсизлик кузатилаётган бир пайтда ишчи касблар бўйича мутахассисларга катта эҳтиёж бор. Масалан, енгил саноатда 46 минг, қурилишда 104 минг, металга ишлов бериш бўйича 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 67 минг мутахассис етишмаяпти. Бу таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида мутаносиблик ва яқин ҳамкорлик йўқлиги оқибати.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони республикамизда халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлашнинг сифати ва миқдорини оширишга қаратилган.

Фармонга кўра, профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш белгиланди. Яъни, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари асосидаги таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.

Жумладан, вилоятимиздаги жами 37 та касб-ҳунар коллежи бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаларига, 18 та коллеж олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларга айлантирилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.