Самарқанд вилоятида COVID-19 билан даволанаётган беморлар статистикаси юзасидан
Бугун ОАВ орқали “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Самарқанд вилоятида COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг муқобил статистикасини келтирди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.
Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 6 октябрь куни Агентликда ОАВ
ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг Самарқанд вилояти кесимидаги статистикаси ҳақида сўз юритилган. Хусусан, Агентлик раҳбари томонидан расман эълон қилинган кўрсаткичлар (143 нафар бемор) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят бошқармаси томонидан Агентликка тақдим этилган маълумотларда (1155 нафар бемор) фарқлар мавжудлиги айтиб ўтилган.
Бироқ, Агентлик раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикр COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг муқобил статистикаси деб талқин қилинишига асос бўлмайди. Бундан ташқари, тадбирда ушбу масала юзасидан яна қўшимча ўрганишлар ўтказилиши лозимлиги билдириб ўтилган.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида бугунги кун ҳолатига 136 нафар бемор COVID-19, қолган беморлар эса ОРВИ, пневмония ва бошқа касаллик белгилари билан даволанмоқда.
Шу муносабат билан, тақдим этилган маълумотлар Агентлик томонидан қўшимча ўрганишлар якунлангандан сўнг расмий баёнот сифатида жамоатчиликка етказилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати.