Самарқанд вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ 565 та авария ҳолати аниқланган
Бу ҳолат бўйича «Давсувинспекция» энди жаримага тортиш ҳуқуқига эга
Сўнгги бир йилда ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий инспекцияси томонидан ичимлик суви оқиб ётган 565 та авария ҳолати аниқланган. Аксарият ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаби кўчаларнинг носозлиги билан боғлиқ бўлиб чиққан. Уларнинг 483 таси бартараф қилинган.
Шунингдек, жойларда ичимлик суви ва канализация тизимларига 53 та истеъмолчи ва фойдаланувчиларнинг ноқонуний уланганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилмаган 174 та ер ости қудуқлари ҳам (скважиналар) бор экан.
Сайёрамиздаги ичимлик суви билан боғлиқ ҳолатга эътибор беринг: Бугунги кунда дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ортиғи ичимлик сувига доимий муҳтожликда кун кечиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ер юзи аҳолисининг 47 фоизи сув танқислигини ҳис қилиб яшамоқда.
Вилоятимизда иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланиши, аҳоли сонининг ошиб бориши билан бир қаторда сувга бўлган талаб ҳам кундан кунга ўсиб бормоқда.
2018 йил 10 октябрда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан «Давсувинспекция»га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлилиги белгилаб берилди. Жумладан, 72-моддада кўрсатилган сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, ичимлик эҳтиёжлари учун сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ана шу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Қонуннинг 74-моддасига ҳам ўзгартиш киритилган. Унга кўра, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, табиий ва сунъий сув манбалари (дарё, кўл ва бошқа сув ҳавзалари), ер ости сув қатламларидан сув олиш лимитларини бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари белгилаб берилди.
Бундан ташқари, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизими объектлари ва қурилмаларини шикастлантириш, водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, уй-жойларни, жамоат, ишлаб чиқариш объектларини ва бошқа объектларни канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олиш борасидаги ҳуқуқбузарликга таъсир чоралари аниқ белгилаб берилган. Ҳуқуқбузарлик турига қараб жарималар энг кам иш ҳақининг 20 бараваригача белгиланган.
Мазкур қонунга мувофиқ 2019 йил 12 январь кунидан эътиборан “Давсувинспекция” ходимлари ҳуқуқбузарларни жаримага тортиш ҳуқуқига эга бўлди.
Асосий мақсадимиз жарима қўллаш эмас, сувдан оқилона фойдаланиш. Шу мақсадда вилоят аҳолисига мурожаат қилиб чиқдик. Халқимизга сувдан фойдаланиш бўйича мавжуд меъёрий қоидаларни яна бир бор эслатиш билан бирга сувни қадрлашга чорламоқчимиз.
Зафар НОРҚЎЗИЕВ,
ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш
давлат инспекцияси вилоят ҳудудий инспекцияси бошлиғи.