Самарқандда 16 нафар мансабдорларга энергетика соҳасидаги қонунбузарлик учун жиноят иши қўзғатилган

Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Унда айтилишича, вилояти прокуратураси органлари томонидан президентнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича қатъий назорат ўрнатилган.

Хусусан, тегишли ташкилот ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан иборат штаблар ташкил этилган.

Штабларнинг асосий эътибори энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, таъминот корхоналарининг куз-қиш мавсумига тайёрлашдаги муаммоларини ўрганиб, бартараф этиш, вужудга келган қарздорликларни ундириш ва авария ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Фармон ижросини таъминлашда 6 594 та рейд тадбирлари ўтказилиб, 834 нафар фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан ноқонуний ҳолатларга йўл қўйиб келинаётганлиги аниқланган.
Оқибатда 233 нафар фуқарога маъмурий ҳамда 16 нафар мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.