Самарқандда 65 нафар шахс муддатидан олдин жазони ўташдан озод қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси раҳбарлигида мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари томонидан Самарқанд вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари И.Муслимов ва Олий суд судьялари Х.Эгамбердиев ҳамда Ф.Турсунов фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқди.
Оқдарё, Ургут туманлари ҳамда Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган қабуллар давомида 335 нафар фуқаронинг уй-жой, мол-мулк, оммавий-ҳуқуқий муносабатлар, жиноят ишлари бўйича суд қарорлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.
Қабуллар жараёнида 227 мурожаат ижобий ҳал этилди, 108 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 41 та мурожаат юзасидан аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Сайёр қабул кунларида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан 65 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. 24 нафар шахс тайинланган жазодан шартли озод қилинди, 26 нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддати енгилроғига алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинди ва оиласи бағрига қайтарилди.
Маъмурий ишлар бўйича 98 нафар шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар МЖтКнинг 271-моддаси 11-қисмига асосан тугатилиб, жавобгарликдан озод қилинди.