Самарқандда бепул китоб ўқиш мумкин бўлган кафе ташкил қилинди

Самарқанд шаҳрида ёш тадбиркор Зебо Исматуллаева ташаббуси билан яна бир мутолаа маскани ташкил этилди. Унинг бошқа кутубхоналардан фарқи шундаки, бу ерда қаҳва ичиб, китоб ўқиш имконияти бор.

- Баҳор ва куз пайтлари дарсдан кейин деярли ҳар куни ярим соат вақтимни хиёбонда бадиий китоб ўқишга сарфлашни одат қилганман, - дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси Азизбек Ғаффоров. - Қишнинг совуқ, ёзнинг иссиқ кунларида эса бунинг имконияти йўқ эди. Хорижда таълим оладиган дўстим ана шундай совуқ ёки иссиқ кунларда бўш вақтини кўпроқ “Book kafe”да ўтказишини айтарди. Унга ҳавас қилардим. Шаҳримизда ҳам шундай масканлар бўлишини хоҳлардим. Бугун шу истагим амалга ошди. Бу ерда китоблардан фойдаланиш бепул ва биз истаган китобни топиб беришда маскан ходимлари беминнат хизмат кўрсатяпти.

“Муншаот” нашриёти ҳомийлигида ташкил этилган ушбу масканда минг турдаги китоблар бор.

Тўлқин Сиддиқов.