Самарқандда биринчи чой фестивали бўлиб ўтди
Самарқанд халқаро технология университети томонидан “Чой, маданият, тинчлик!” номли фестиваль ташкил этилди.
Унда Хитойнинг “Teo, Amo kaj la Mondo” халқаро лойиҳаси, Тиантзин Эсперанто Ассоциацияси (ТEА), Тиантзин Фан ва технология университети (TUST), Халқаро чой маданияти базаси (ITCB, Xanchjou), Четзиан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги университети (ZAFU) каби етакчи ташкилотлардан келган экспертлар иштирок этди.
- Чойнинг узоқ ўтмиш тарихини, дунё миқёсидаги маданий ва иқтисодий аҳамиятини эътироф этган ҳолда, 2019 йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 21 майни – “Халқаро чой куни” деб эълон қилганди, - деди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Шу муносабат билан халқаро чой куни фестивалини нишонлашга қарор қилдик. Чой дунёдаги энг муҳим экинлардан бири, 5 минг йилдан ортиқ тарихга эга ноёб ўсимлик бўлса-да, унинг соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қўшган ҳиссаси бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда. Чой озиқ моддаларнинг муҳим манбаи ва дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган ичимлик бўлиб, у истеъмол қилиш бўйича ичимлик сувидан кейин иккинчи ўринда туради.
Фестивалда хитойлик ёзувчи, чой соҳаси бўйича етук мутахассис, бир қатор илмий ишлар, жумладан, “Чой етиштириш усталари ҳақида трилогия” асарининг муаллифи, профессор Ван Сюфен, Тянтзин Фан ва технология университети Халқаро алмашув бўлими директори, профессор Ву Зҳенжун, Тиантзин Эсперанто Уюшмаси (ТEА) раҳбарлари Хан Дақианг ва Лин Лишалар ҳам ўз видео табриклари билан иштирок этди.
Тадбирда самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари турли халқ ва мамлакатларнинг чой ичиш маданияти, чой дамлаш санъати ҳамда чой маросимларини ўтказиш тартиби билан таништирилди. “Чой сирларини топинг” викторинаси ташкил этилиб, ғолибларга фестиваль ташкилотчилари томонидан совғалар берилди.
Шунингдек, университет талабалари томонидан тайёрланган “Ёр-ёр”, “Чимилдиқ” саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлар иштирокчиларга манзур бўлди.
Фестивалда Самарқанд халқаро технология университети томонидан хитойлик шериклар билан тайёрланган “Teo, Amo kaj la Mondo” фотокўргазмаси намойиш этилди. Бу фотокўргазма Марказий Осиёдаги кенг қамровли экспозициянинг биринчи намойишидир.
Фестиваль иштирокчилари “Амир Теа Самарқанд” масъулияти чекланган жамиятининг энг яхши чой намуналари кўргазмаси билан танишиб, ичимликни тўғри тайёрлаш, корхона маҳсулотларидан татиб кўришга муваффақ бўлди.