Самарқандда экстремал спорт туризми ривожланяпти

Хабар қилганимиздек, Самарқанд тумани Оқбўйра маҳалласи ҳудудидаги дам олиш масканида "Халқаро фаол ва экстремал спорт туризми" фестивали бўлиб ўтмоқда.

Халқаро фестивалда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 нафарга яқин иштирокчи-спортчилар спортчилар ғолиблик учун беллашмоқда.

- Фестивалнинг ташкил қилиниши ва ёшларимизнинг параплан спорт тури билан шуғулланиши вилоятимизда экстремал спорт турларининг ривожланишига пойдевор бўлади, - деди фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд тумани ҳокими Сирожиддин Усмонов. – Вилоятимиз, хусусан, туманимизда янги туризм турининг йўлга қўйилганлиги келгусида соҳани янада ривожлантиришга, туризм хизматлари кўламининг ошишига хизмат қилади. Муҳими, бугундан бошлаб йилнинг 12 ойи давомида мазкур ҳудуд экстремал туризм учун мўлжалланган жойга айланади.

Уч кун давом этадиган фестивалда миллий фольклор чиқишлари, ёшлар учун махсус шоу-дастурлар, парапланда парвозлар, ҳаво шарлари ва кўпкари ўйинлари ўтказилмоқда.

Бундан аввалроқ Ургут туманидаги Андак маҳалласи ҳудудида илк бор “Халқаро параплан фестивали“ бўлиб ўтган эди.