Самарқандда электр энергиясидан салкам 63 миллион сўм қўшимча ҳисоблашнинг олди олинди
Самарқанд вилояти мажбурий ижро бюроси томонидан Оқдарё тумани Қорахитой қишлоғида жойлашган “Баҳодир Умар Ислом” хусусий корхонасининг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Самарқанд вилояти МИБнинг кўрсатмасига асосан “Самарқанд ҲЭТК” АЖ ходимлари томонидан амалга оширилган қайта ҳисоб-китобларга кўра, (тадбиркор давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб) 169.731.360 сўмлик электр энергиясидан фойдалангани аниқланган. Самарқанд вилояти МИБ эса ушбу вазиятга бир ёқлама қарамасдан, рақамларнинг ҳаққонийлиги бўйича “Ўзэнергоинспекция”нинг Самарқанд ҳудудий бўлимига ўз хулосаларини тақдим қилинган.
Ҳудудий бўлимнинг “Электрҳисоб” дастури орқали ўрганиш ўтказилиши мобайнида истеъмолчи “Баҳодир Умар Ислом” хусусий корхонасининг электр ҳисоблагичи 1 июль 2018 йилда алмаштирилганлиги аниқланди.
Бундай ҳолатда электр ҳисоблагичнинг алмаштирилган вақтидан бошлаб ҳисобланиши бўйича “Самарқанд ҲЭТК” АЖга кўрсатма хати берилди. Натижада ҳудудий бўлимнинг кўрсатмасига асосан ҳисобланган қайта ҳисоб-китоб 106 967 960 сўмни ташкил этди.
Амалга оширилган аниқ текширувлар сабаб истеъмолчининг ҳисобига 62 762 400 сўмга қўшимча ҳисоблашнинг олди олинди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.