Самарқандда футбол мактаби очилади
Президентнинг 2023 йил 7 апрелдаги «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та футбол мактаби ташкил этилади.
- Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол мактабларининг ташкил этилиши юртимизда футболнинг ривожланишига хизмат қилади, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бош мутахассиси Шуҳрат Каримов. – Шу билан бирга, ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, функционал ҳолати, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини ошириш, вилоят ва миллий терма жамоалар сафига иқтидорли футболчилар етказиб бериш ҳамда легионер футболчилар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қарорга кўра, Самарқандда ҳам футбол мактаби ташкил этилади. Футбол машғулотларини ўтказиш учун малакали тренерлар, ўқув-тарбия тизимини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёни йўлга қўйилади. Мактаб Паст Дарғом тумани Балхиён маҳалласи Самарқанд шоҳкўчаси 48-уйда жойлашади.
Шунингдек, барча ёш тоифалари бўйича футбол академиялари ва клубларига маҳоратли спортчиларни етказиб бериш, тажриба алмашиш мақсадида футбол ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, футболчиларнинг спорт маҳоратини, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириб бориш йўлга қўйилади.
Вилоятда беш йилдан буён футбол академияси фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда академияда 24 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 150 нафарга яқин ёшлар шуғулланяпти. Юқоридаги қарорга мувофиқ, 2024 йилда мазкур футбол академиясига енгил конструкцияли, 24х48 ўлчамдаги спорт зали қуриш белгиланган.