Самарқандда ғалла ҳосилдорлиги ўртача 71 центнердан ошди
Бу фермер хўжаликларининг эркин иш юритиши учун шароит яратилгани, сифатли уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит вақтида етказилаётгани ва энг муҳими, уларнинг ҳар гектар суғориладиган майдондан ўртача 2,5 тоннадан донни эркин биржа савдоларида, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотиш имконияти берилгани натижаси.
Айни пайтда вилоятнинг 13 та туманидаги 4650 фермер хўжалиги томонидан 94 минг 130 гектар майдонда етиштирилган бошоқли дон ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишлари давом этмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, ғалла ўрим-йиғим ишларига бириктирилган 274 та комбайн ёрдамида 755 минг 337 тонна ҳосилни йиғиштириб олиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 майдаги “2022 йил ҳосилидан буғдойни харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятимизда жорий йилда суғориладиган майдонлардан жами 265 минг тонна ғалла жамғарилади. Шундан 235,6 минг тоннаси давлат захираси учун товар буғдой (184 минг тоннаси давлат ресурслари учун, 51,6 минг тоннаси вақтинча сақлаш учун) ҳамда 29,4 минг тоннаси уруғлик буғдой ҳисобланади.
2022 йилнинг 4 июлигача вилоят бўйича жами 64,3 минг гектар ғалла майдонидан 457 минг тоннадан ортиқ дон йиғиштириб олинди ва ҳосилдорлик ўртача 71,1 центнерни ташкил қилмоқда.
Фермер хўжаликлари томонидан дон корхоналарига тўғридан-тўғри шартнома асосида топширилаётган ғалланинг 78,1 фоизи давлат захирасига ва 21,9 фоизи вақтинча сақлаш омборларига қабул қилинмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 15 ноябрдаги “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ҳар гектар суғориладиган майдондан ўртача 2,5 тоннадан донни эркин биржа савдоларида, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотиш имконияти яратилган.