Самарқандда ҳайдовчи тўйдан чиққан маст пиёдани уриб юборди
Жорий йилнинг 26 август куни соат 00:50ларда, Самарқанд туманининг Қавчинондир маҳалласи, ички тор кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Ф.Ф. “Зил” русумли юк автомобилини орқага бошқараётиб, ортида ҳаракатланиб кетаётган маст ҳолдаги пиёда - 1977 йилда туғилган Д.Т.ни автомобилнинг чап орқа шиналари билан босиб ўтиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Оқибатда 43 ёшли пиёда Д.Т. олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, юк автомобиль ҳайдовчиси ушбу кўчадаги хонадондан тўй-ҳашам жиҳозларини ортиб кетаётган, пиёда эса тўйдан маст ҳолда чиқиб келаётган бўлган. Ҳайдовчи бир йил давомида икки маротаба қоидабузарлик содир этган.