Самарқандда иқтисодий-ижтимоий ҳолат маҳаллабай яхшиланади

Бунинг учун мутасаддилар ҳар бир гўшани алоҳида ўрганиб, зарур чораларни кўрмоқда.
Мисол учун, шу кунларда вилоят Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев, Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонаси мудири И.Негматов ҳамда ИЖКҚ департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи А.Мардиевлар "Фидойилар" маҳалласида бўлиб, мавжуд вазиятни ўрганишди.
Мутасаддилар дастлаб ҳудудни кўздан кечириб, Шаар канали атрофига катта ҳажмдаги чиқинди тўпланиб турганига гувоҳ бўлишди.
Шу боис, канал атрофини тозалаш учун шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг 150 нафар ишчилари, 60 нафар ФВВ аскарлари жалб қилинди. Жалб этилганлар томонидан 4 та махсус техника ёрдамида 20 тонна чиқинди белгиланган жойга олиб чиқилди.
Аҳолининг мурожаати асосида маҳалланинг Камолот кўчасида 320 метр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Натижада 38 та хонадонда сув таъминоти яхшиланди. Ўрганиш ва мулоқотлар давомида коммунал соҳалар бўйича аниқланган бошқа камчиликлар бартараф этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Албатта, ўрганиш ишлари шу билан якунлангани йўқ. Маҳалладаги 200 га яқин хонадон патронаж хизмати билан қамраб олиниб, 682 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари бўйича турли хасталик аниқланган 51 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога 16 турдаги дори воситалари берилди.