Самарқандда катта бокс: 200 нафар боксчи, 13 вазн, 145 жанг
Самарқанд шаҳрида олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари ўртасида бокс бўйича анъанавий “Олимпия чўққилари” республика спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Уч йилда бир ўтказилиб келинаётган бокс мусобақасида республиканинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан 200 нафарга яқин профессионал боксчилар ўн уч вазн тоифасида 145 та жанг ўтказди.
- Кейинги пайтда барча вилоятларда бокс анча жонланиб, қизиқувчилар сони ортмоқда, - дейди халқаро тоифадаги ҳакам, мусобақа бош ҳаками Обиджон Зокиров. – Бу каби мусобақалар орқали биз миллий терма жамоамизни ҳам шакллантирамиз. Айниқса, Осиё ва халқаро беллашувларда Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри боксчиларининг нуфузи баланд.
Мусобақа натижасига кўра, республика олимпия захиралари коллежи жамоаси медаль жамғариш бўйича энг яхши натижани кўрсатди. Самарқанд олимпия захиралари коллежи боксчилари иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Чирчиқ олимпия захиралари коллежи спортчилари учинчи ўрин билан кифояланди.
Ҳусан Элтоев.